Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2026 йилнинг 9 сентябрь куни ўтказилган кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев давлат банклари балансидаги 10 триллион сўмлик мол-мулк ва фаолияти тўхтаб қолган корхоналарни ишга тушириш орқали 40 минггача иш ўрнини тиклаш бўйича топшириқ берди. Йиғилишда аҳоли бандлигини ошириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор чоралар ҳам белгиланди.
Таъкидланганидек, давлат банклари балансида 2,5 мингга яқин мол-мулк мавжуд. Уларни самарали бошқариш ва сотиш орқали минглаб фуқароларни иш билан таъминлаш имконияти бор.
Шунингдек, 124 та корхонанинг 6 триллион сўмлик активларига қўйилган чекловларни қайта кўриб чиқиб, уларни банклар бошқарувига бериш ҳисобига яна 10 мингта иш ўрнини тиклаш белгиланган. Мутасаддиларга бир ҳафта муддатда ушбу корхоналарни хатловдан ўтказиш топширилди.
Йиғилишда аҳоли ва тадбиркорлар учун бир қатор енгилликлар ҳам эълон қилинди. Хусусан, кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватидаги хонадонларни нотурар жой тоифасига ўтказмасдан, фақат хабардор қилиш тартибида савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчасига айлантиришга рухсат берилади.
1 октябрдан бошлаб қишлоқ туманларида эҳтиёжманд оила аъзосини ишга олган корхоналар учун ушбу ходим бўйича ижтимоий солиқ ставкаси 2 фоизгача пасайтирилади.
Шу билан бирга, эҳтиёжманд оилалар фарзандларини бепул ўқитадиган ҳамда боғча, мактаб ёки техникум ташкил этмоқчи бўлган тадбиркорларга ер участкалари 1 миллион сўм бошланғич нархда аукционга чиқарилади.
Йиғилиш якунида маҳалла тизими ва "еттилик" фаолиятини мувофиқлаштириш, ортиқча ва такрорий йиғилишларга чек қўйиш бўйича янги тайинланган Бош вазир ўринбосарига тегишли вазифалар юклатилди.
Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон ҳудудларида сўнгги бир йилда ташкил этилган 86 мингта кичик корхонанинг 15 мингтаси, яъни 17 фоизи фаолиятини тўхтатгани маълум қилинганди.

Изоҳлар мавжуд емас