Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани Қатортол кўчасида 9 сентябрь куни соат 22:30 ларда пиёдалар ўтиш жойида курьер иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Тошкент шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими маълумотларига кўра, 33 ёшли ҳайдовчи Cobalt русумли автомашинада ҳаракатланиб келиб, тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан электро-велосипедини етаклаб ўтаётган 21 ёшли курьерни уриб юборган.
Воқеа содир бўлган Чилонзор 6-кварталдаги ушбу пиёдалар ўтиш жойида мунтазам равишда авариялар кузатилиб келинмоқда. Электро-велосипед ҳайдовчиси йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари талабларига риоя қилган ҳолда уловдан тушиб, уни етаклаб ўтаётган бўлишига қарамай, бу бахтсиз ҳодисанинг олдини ололмаган. Ҳудудда радар ва кузатув камераларининг йўқлиги ва ҳайдовчиларнинг юқори тезликда ҳаракатланиши вазиятни янада хавфли қилмоқда.
Илгари Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази ушбу ҳудудга шошилинч равишда светофор ўрнатилишини маълум қилган, аммо ҳозиргача ушбу ваъда бажарилмагани сабабли йўл-транспорт ҳодисалари такрорланмоқда. Мутасаддилар барча ҳаракат иштирокчиларидан белгиланган қоидаларга қатъий риоя қилишни сўраган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас