Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда 2027–2028 ўқув йилидан бошлаб дуал таълим тизимини самарали йўлга қўйган олий таълим муассасалари ва буюртмачи ташкилотлар учун 1 миллиарддан 3 миллиард сўмгача пул мукофотлари ажратилади. Бу ҳақда Президентнинг тегишли фармонида белгиланди.
Грант ва мукофот ажратишда махсус самарадорлик рейтинги юритилади. Унда талабалар қамрови, уларнинг ўртача иш ҳақи ва ўзлаштириш кўрсаткичлари асосий мезон сифатида баҳоланади. Рейтинг якунлари бўйича энг юқори натижа кўрсатган учтадан ОТМ ва корхонага эгаллаган ўрнига қараб пул мукофотлари топширилади.
Шунингдек, ҳужжат билан дуал таълимни ривожлантириш ва тадбиркорларни рағбатлантириш бўйича бир қатор янги имтиёз ва субсидиялар жорий этилмоқда:
2027 йил 1 январдан бошлаб муҳандислик, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида дуал таълим олаётган талабаларга тўланадиган иш ҳақи харажатларининг 50 фоизи корхоналарга субсидия сифатида қоплаб берилади.
Дуал таълимни қўллаб-қувватлайдиган тадбиркорлар учун Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтингида қўшимча баллар ва енгилликлар назарда тутилган.
Амалиёт базаларини жиҳозлаш учун мамлакатга олиб келинадиган ускуна ва лаборатория жиҳозларига нисбатан божхона божи ставкаси 2030 йилгача 1 фоиз миқдорида белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда дуал таълим шаклида таҳсил олаётган талабаларга янги стипендия жорий этилганди.

Изоҳлар мавжуд емас