Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкентда икки нафар вояга етмаган қизига нисбатан жинсий зўравонлик содир этганликда гумонланаётган ота иши бўйича янги тафсилотлар маълум бўлди. Болаларнинг онаси Ўзбекистон Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошевга мурожаат қилиб, тергов ҳаракатларини текшириш ва холис тергов ўтказилишини таъминлашни сўради. Унинг айтишича, ишни олиб бораётган терговчи унинг шикоятидан кейин телефон орқали таҳдид қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ижтимоий тармоқларда аёлнинг икки нафар қизи — 2014 ва 2021 йилларда туғилган фарзандлари отаси томонидан жинсий зўравонликка учрагани ҳақидаги мурожаати тарқалган эди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳолат назоратга олинганини, гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилганини билдирганди.
Навбатдаги мурожаатида аёл тергов жараёнидан норозилигини билдирган. Унинг таъкидлашича, тергов гумонланувчининг жавобгарлигини енгиллаштиришга қаратилган бўлиши мумкин. Шунингдек, у гумонланувчининг моддий аҳволи жиноятга ҳуқуқий баҳо беришга таъсир қилмаслиги кераклигини таъкидлаган.
Аёлнинг айтишича, қизларидан бири олти йилдан ортиқ вақт давомида зўравонликка учраганини билдирган. Иккинчи жабрланувчи эса гумонланувчининг беш ёшли қизи экани айтилган.
Мурожаатда болаларнинг кўрсатмаларига шубҳа билан қаралаётгани, психологик жароҳатларга етарлича эътибор берилмаётгани ҳақида ҳам эътирозлар билдирилган. Аёлнинг сўзларига кўра, у Бош прокуратурага йўллаган шикоятидан сўнг иш бўйича ҳаракатсизликда айблаган терговчи унга қўнғироқ қилиб, таҳдид қилган.
Шунингдек, аёл Бош прокурордан мазкур ишни шахсан назоратга олишни, тергов ҳаракатларининг қонунийлигини текширишни ва холис тергов ўтказилишини таъминлашни сўраган.
Ҳозирча аёлнинг тергов жараёнига оид эътирозлари ва терговчи томонидан таҳдид қилингани ҳақидаги даъволари юзасидан ваколатли органларнинг расмий муносабат билдирилмаган.

Изоҳлар мавжуд емас