Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. "Газпром" жамияти бошқаруви раиси Алексей Миллер соҳа ходимлари кунига бағишланган видеомулоқотда 2026 йил бошидан бери Марказий Осиё мамлакатларига табиий газ етказиб бериш ҳажмини қарийб 70 фоизга оширилгани ҳақида маълум қилди. Компания раҳбари жорий йилда Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон йўналишларида ижобий динамика ва юқори кўрсаткичлар қайд этилганини таъкидлади.
Ўзбекистон 2023 йилда "Газпром"дан газ сотиб олишни бошлаб, газ импорт қилувчи мамлакатга айланган эди. Етказиб бериш ишлари реверс режимида ишлашга ўтказилган "Ўрта Осиё — Марказ" магистрал газ қувури орқали амалга оширилмоқда.
Маълумот учун, "Газпром" 2025 йилда Ўзбекистонга 6,48 миллиард куб метр газ етказиб берган бўлиб, бу 2024 йилги кўрсаткичдан 15 фоизга кўпдир.
Шунингдек, Қирғизистон ҳозирда йилига қарийб 500 миллион куб метр газ истеъмол қилмоқда ҳамда бўлажак "Бишкексельмаш" ва ТЭЦ-2 иссиқлик-электр марказларини ёқилғи билан таъминлаш бўйича "Газпром" билан 2040 йилгача мўлжалланган узоқ муддатли шартномалар имзоланган. Қозоғистонда эса Ғарбий Қозоғистон, Қўстанай ва Ақтўбе вилоятлари истеъмолчиларига газ етказиб бериш ҳажми ортиб бормоқда ва мамлакатнинг шимолий ҳудудларини газлаштириш лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда.
Олдинроқ 2025 йил якунларига кўра, Россия газини Ўзбекистонга етказиб бериш 15 фоизга ошиб, 6,5 миллиард куб метрга етгани ҳақида хабар берилганди.

Изоҳлар мавжуд емас