Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Кўпчилик пластик карталари эгаларини энг яқиндаги банкоматни қандай қилиб топиш, мижози бўлмасдан туриб ҳам банкдан пул ечиб олиш мумкинлиги тўғрисидаги саволлар қизиқтиради. Мухбиримиз маълум қилишича, ушбу саволларга Марказий банк жавоб берган.
Ҳозирги кунда республика бўйича 6997 дона банкомат ўрнатилган. Улар банк инфратузилмалари, йирик бозорлар ва бошқа аҳоли гавжум объектларга ўрнатилган бўлиб, банокматлар тармоғи босқичма-босқич кенгайтириб борилмоқда.
Марказий банк ишонтириб айтмоқдаки, барча банкоматларнинг узлуксиз иш фаолияти (ишчи ҳолати) ҳамда нақд пуллар билан ўз вақтида тўлдириб борилиши устидан доимий назорат ўрнатилган.
24/7 режимида ишлайдиган энг яқин бўлган банкоматларнинг жойлашган манзилларини Uzcard тизими учун https://uzcard.uz/geolocation/ ва Humo тизими учун http://bit.ly/2JiRSaF ҳаволалари орқали топиш имконияти мавжуд.
Фуқаролардан аҳоли гавжум жойларга ўрнатилган банкоматларнинг ишчи ҳолатда эмаслиги ёки унда нақд пуллар мавжуд бўлмаган ҳолатларга дуч келганда банкомат қурилмасида кўрсатиб ўтилган телефон рақамлари орқали Марказий банкка хабар бериш сўралади.
Шу билан бирга, банклар кассалари, филиаллар, мини-банк ва банк хизматлари марказларида ўрнатилган тўлов терминаллар орқали ҳам маблағларни нақдлаштириш мумкин. Фуқаролар банк карталаридаги маблағларини ўзига яқин бўлган исталган банк филиалига мурожаат қилган ҳолда нақдлаштириб олиш имкониятига эга.
Марказий банкнинг қўшимча қилишича, айрим ҳолларда фуқароларимиз “UZСARD” тизимида ишловчи банк картасини “HUMO” тизими банкоматларидан фойдаланган ҳолда нақд пул ечишга ҳаракат қилиш ёки аксинча ҳолатлар учраб турибди. Банк картаси қайси тизимга тегишли бўлса, айнан мазкур тизим инфратузилмасидаги банкоматлардан фойдаланиш лозимлигини инобатга олиш зарур.
Шунингдек Марказий банк эслатиб ўтмоқдаки, бугунги карантин шароитида бир жойга тўпланиш маън этилади. Фуқаролардан ижтимоий масофани сақлаш ва банкоматлардан фойдаланиш ва нақд пуллар билан муомалада бўлиш мобайнида гигиена қоидаларига тўлиқ риоя этиш сўралади.
Изоҳлар мавжуд емас