Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2026–2027 йилларда Навоий ва Чирчиқ шаҳарларида жисмоний шахсларнинг йиллик даромадлари ва айрим харажатларини декларация қилиш тартиби тажриба-синов тариқасида жорий этилади. Декларацияда иш ҳақи ва бошқа даромадлар билан бирга кўчмас ва кўчар мулк, солиқлар, коммунал тўловлар ҳамда кредитлар бўйича харажатлар ҳам акс эттирилади.
Бу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 19 октябрдаги 574-сон қарори билан тасдиқланган вақтинчалик маъмурий регламентда белгиланган.
Декларация Навоий ва Чирчиқ шаҳарларида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган, 18 ёшга тўлган жисмоний шахсларга нисбатан қўлланади. Бироқ ҳисобот йилида солиқ органига ишга қабул қилинган ва рўйхатга олинганига олти ой тўлмаган шахслар ушбу тартибдан мустасно.
Фуқаролар декларацияни Солиқ қўмитасининг Электрон солиқ хизматлари портали ёки Soliq мобил иловаси орқали доимий яшаш жойидаги солиқ органига тақдим этади. Ҳужжат ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай юборилиши лозим. Солиқ органлари эса белгиланган муддатдан камида бир ой олдин бу ҳақда хабарнома юборади.
Унда меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар, мулкий даромадлар, моддий наф шаклидаги ва бошқа даромадлар акс эттирилади. Шунингдек, кўчмас ва кўчар мулк, солиқлар, коммунал хизматлар ҳамда кредитлар билан боғлиқ харажатлар ҳам кўрсатилади. Якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг тадбиркорлик фаолиятига оид харажатлари бунга кирмайди.
Харажатлар ҳақидаги маълумотлар давлат идоралари ахборот тизимлари, Soliq иловасида рўйхатга олинган фискал чеклар ва электрон ҳисобварақ-фактуралар асосида шакллантирилади. Маълумотлар етарли бўлмаса, фуқаро мобил илова орқали қўшимча маълумот киритиши мумкин.
Декларация нотўғри тўлдирилган тақдирда, фуқаро аниқлаштирилган ҳисобот тақдим этиши мумкин. Унда ҳам хато маълумотлар қолса, жисмоний шахснинг мурожаати асосида декларация рад этилади ва уни уч йил ичида қайта тақдим этиш имконияти берилади. Регламентда белгиланган тартибдан бошқа асослар билан декларацияни рад этиш тақиқланган.
Қарорга кўра, аниқлаштирилган солиқ базаси — даромадлар ва харажатлар ўртасидаги фарқ — бўйича қўшимча солиқ ҳисобланмайди ва ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилмайди. Бироқ Солиқ кодексининг 393-моддасида назарда тутилган даромадлар бундан мустасно.
Тажриба-синовнинг натижалари декларация тизимини кейинчалик кенгайтириш масаласида аҳамиятли ҳисобланади.

Изоҳлар мавжуд емас