Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳрида "Ақтўбе" — "Ордабаси" футбол учрашуви вақтида No Shymside, No Texas fans ёзуви туширилган баннерни кўтарган вояга етмаган қизларнинг шахси аниқланди. Полиция улар билан ота-оналари иштирокида профилактик суҳбат ўтказди, ота-оналар эса фарзанд тарбияси бўйича мажбуриятларини лозим даражада бажармагани учун маъмурий жавобгарликка тортилди.
Ҳодиса 17 октябрь куни содир бўлган. Баннерда Ўзбекистон байроғи ҳам тасвирланган. Унинг сурати ижтимоий тармоқларда тарқалгач, фойдаланувчилар ўртасида баҳслар юзага келган. Айримлар ёзувда миллий адоват қўзғатиш аломатлари бўлиши мумкинлигини билдирган.
Қозоғистонлик адвокат Аянхан Омаров мамлакат Бош прокуратурасига мурожаат қилиб, воқеага ҳуқуқий баҳо беришни сўраган. Унинг фикрича, баннер Шимкент аҳолисини ҳақорат қилишга қаратилган бўлиши мумкин. Адвокат ҳолатни Қозоғистон Жиноят кодексининг 174-моддаси — ижтимоий, миллий, уруғ-аймоқ, ирқий, табақавий ёки диний адоватни қўзғатиш моддаси бўйича текширишни сўраган.
Ўзбекистонлик футбол блогери Фатулла Хайруллаев ҳам Instagram саҳифасида видео мурожаат эълон қилиб, баннерни стадионга олиб кирган шахсларга нисбатан қонуний чора кўришга чақирган. У бу ҳаракат Ўзбекистоннинг халқаро имижига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлаган.
Ақтўбе вилояти полиция департаменти маълум қилишича, қизларнинг ота-оналари Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекснинг 127-моддаси бўйича жавобгарликка тортилган. Мазкур модда вояга етмаганларни тарбиялаш, таълим бериш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш мажбуриятларини бажармасликни назарда тутади.
Полиция ота-оналарни фарзандлар тарбиясига эътибор қаратишга, уларга жамоат жойларида ўзини тутиш қоидалари ва қонунга хилоф ҳаракатлар учун жавобгарликни тушунтиришга чақирган.

Изоҳлар мавжуд емас