Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Давлат котиби Марко Рубиони "Буюк хизматлари учун" ордени, АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Горни эса "Дўстлик" ордени билан тақдирлади. Мукофотлар икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантириш ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун топширилди.
Марко Рубионинг Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий ҳамда маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтиришга қўшган шахсий ҳиссаси эътироф этилган. Шунингдек, унинг Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, Ўзбекистоннинг халқаро ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда икки мамлакат халқлари ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш борасидаги хизматлари қайд этилган.
Сержио Гор эса сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, икки томонлама келишувларни амалга ошириш, америкалик сармоядорларни жалб қилиш ва қўшма лойиҳаларни илгари суришдаги саъй-ҳаракатлари учун тақдирланган.
Шунингдек, унинг Америка — Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши доирасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси алоҳида таъкидланган.
Аввалроқ Ўзбекистонда Google Pay ишга тушганди ва АҚШ билан бир қатор йўналишда ҳамкорликлар йўлга қўйилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас