Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Саудия Арабистони Макка шаҳрида масжид ичида "одобсиз ҳаракат" содир этганликда айбланган Бангладешнинг бир нафар эркак ва бир нафар аёл фуқаросини қатл этди. Бангладеш ҳукумати маълум қилишича, Саудия томони уларнинг қатл этилгани ҳақида олдиндан хабар бермаган. Дакка воқеа тафсилотлари ва суд жараёни ҳақида расмий маълумот сўраб, Саудия Арабистонига мурожаат қилган.
Саудия Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, икки фуқаро "таъзир" тартибида ўлим жазосига ҳукм қилинган. Ислом ҳуқуқида бу жазо тури муайян жиноят учун жазони белгилашни судья ихтиёрига қолдиради. Вазирлик жиноятнинг оғирлиги ва масжид муқаддаслиги бузилганини қатл учун асос сифатида келтирган, аммо айнан қандай ҳаракат содир этилганини очиқламаган. Маълумотларга қараганда, улар бино ичида ўпишган.
Бангладеш ташқи ишлар бўйича давлат вазири Шама Обайд Исломнинг айтишича, ҳукумат Саудия томонидан қўшимча маълумот олгач, кейинги чораларни, жумладан, марҳумларнинг жасадларини ватанга қайтариш масаласини кўриб чиқади. У хорижда яшаётган бангладешликларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳукуматнинг устувор вазифаси эканини таъкидлаган.
The Daily Star нашри ёзишича, қатл этилган икки фуқаро Жиддадаги Бангладеш бош консулхонаси сўровидан кейин Саудия томони тақдим этган маҳбуслар рўйхатида бўлган. Бироқ рўйхатда уларга ўлим жазоси тайинлангани кўрсатилмаган.
Саудия Арабистонида хорижликларнинг қатл этилиши аввал ҳам халқаро эътирозларга сабаб бўлган. Халқаро амнистия ташкилоти маълумотларига кўра, 2026 йилда мамлакатда тахминан 100 киши қатл этилган, уларнинг кўпчилиги гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларда айбланган хорижликлардир.
2011 йилда ҳам Саудия пойтахти Ар-Риёдда мисрлик фуқарони ўлдиришда айбланган саккиз нафар бангладешлик омма олдида қатл этилган.
Шу ой бошида эса Саудия Арабистони Facebook’даги изоҳи туфайли куфрда айбланиб, ўлим жазосига ҳукм қилинган Шри-Ланка фуқаросига нисбатан ҳукмни бекор қилган эди. Бу қарор Шри-Ланкадаги жамоатчилик норозилиги ва дипломатик музокаралардан кейин қабул қилинган.

Изоҳлар мавжуд емас