Загрузка
Загрузка
Икки ёшли болани уриб ўлдирган собиқ ИИБ ходими муддатидан олдин озод қилинган, оилага 200 миллион сўмлик товоннинг фақат 50 миллиони тўланган
Ҳодисалар

Икки ёшли болани уриб ўлдирган собиқ ИИБ ходими муддатидан олдин озод қилинган, оилага 200 миллион сўмлик товоннинг фақат 50 миллиони тўланган

9
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.  2020 йилда Тошкентда икки ёшли болани пиёдалар ўтиш жойида машинада уриб кетиб, унинг ўлимига сабаб бўлган собиқ Тошкент шаҳар ИИБ ходими шартли равишда муддатидан олдин озодликка чиққан. Бироқ боланинг онаси суд белгилаган 200 миллион сўм маънавий зарар товонининг ҳозиргача фақат 50 миллион сўмини олганини айтмоқда. У қолган 150 миллион сўмни ундиришда ёрдам сўраб, Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёевага видеомурожаат қилди.

ЙТҲ 2020 йил 24 август куни соат 01:10 атрофида Тошкентнинг Юнусобод туманидаги Юнусота кўчасида содир бўлган. Chevrolet Cobalt ҳайдовчиси ўша пайтда онаси билан тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган икки ёшли болани уриб юборган. Оғир жароҳат олган бола шифохонага олиб борилган, аммо кейин вафот этган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ўша пайтда ҳайдовчи маст ҳолатда бўлганини маълум қилган. Бу тиббий экспертиза билан ҳам тасдиқланган. Ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми — транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Боланинг онаси айтишича, ҳайдовчи 5,5 йилга манзил-колонияга ҳукм қилинган, аммо тахминан бир йилдан кейин шартли равишда муддатидан олдин озод қилинган.

Фожиадан кейин боланинг онаси маънавий зарарни қоплашни талаб қилиб судга мурожаат қилган. 2021 йил 3 майда суд унинг фойдасига қарор чиқариб, айбдорни 200 миллион сўм тўлашга мажбур қилган.

Бироқ аёлнинг сўзларига кўра, орадан бир неча йил ўтганига қарамай, у фақат 50 миллион сўм олган. Қолган 150 миллион сўм — суд белгилаган товоннинг 75 фоизи — ҳалигача тўланмаган.

Ижро иши Қибрай тумани Мажбурий ижро бюроси томонидан юритилмоқда. Аёлнинг таъкидлашича, қарздор номида ундирув қаратилиши мумкин бўлган мол-мулк топилмагани ва у расман ишламаслиги сабабли ижро иши икки марта тугатилган. Шу тариқа суд қарори тўлиқ бажарилмай қолган.

Боласидан айрилган она муаммони ҳал қилиш учун Президент Администрацияси ва Бош прокуратурага мурожаат қилганини, шунингдек, Омбудсман қабулида уч марта бўлганини айтган. Аммо унинг сўзларига кўра, бу мурожаатлар қолган маблағни ундиришга ёрдам бермаган.

Аёл энди Саида Мирзиёевадан суд қарори нима сабабдан тўлиқ ижро этилмаётганини ўрганиш ва қолган 150 миллион сўмни ундиришга кўмаклашишни сўрамоқда.

"Боламни қайтариб бўлмайди. Ўғлимнинг ўрнини ҳеч ким босолмайди. Боладан айрилиш — даҳшат, ер юзидаги дўзах. Аммо мен адолат қарор топишини, суд қарори бажарилишини ва қолган 150 миллион сўм тўланишини хоҳлайман", — деган аёл видеомурожаатида.

Материал эълон қилинган вақтда вазият юзасидан расмий изоҳ берилмаган.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...