Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда 2027 йил 1 январдан пенсия тайинлаш ва тўлаш тизими янги тартибда ишлаши режалаштирилмоқда. Ҳар бир туман ва шаҳарда 1–3 нафар мутахассисдан иборат ихчам офислар ташкил этилиб, улар фуқароларга пенсия тайинлаш, миқдорини қайта ҳисоблаш ва тўловларни ташкил этиш билан боғлиқ хизматларни кўрсатади.
Хабар берилишича, ўзгаришлар Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида белгиланган. Янги тизимга ўтиш доирасида пенсия тайинлаш ва тўлаш билан шуғулланувчи амалдаги туман бўлимлари фаолияти қайта ташкил этилади.
2026 йил охирига қадар янги тартиб Андижон, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларининг айрим шаҳарларида тажриба тариқасида синовдан ўтказилади. Пилот ҳудудларда пенсия тайинлаш ва тўлаш вазифалари Пенсия жамғармасининг ҳудудий бошқармаларига ўтказилади. Ҳар бир мурожаат бўйича қарор қабул қилиш учун уч нафар мутахассисдан иборат комиссиялар ишлайди.
Синов натижаларига кўра, тизимни 2027 йил 1 январдан мамлакатнинг барча ҳудудларида жорий этиш режалаштирилган.
Янги тартиб пенсия хизматларини ихчам тузилма орқали ташкил этишни назарда тутади. Бироқ офислар фаолияти бошлангач, фуқароларнинг мурожаатлари қанча вақтда кўриб чиқилиши, пенсия тайинлашдаги кечикишлар ва ҳужжатлар билан боғлиқ муаммолар қай даражада камайиши амалиётда маълум бўлади.

Изоҳлар мавжуд емас