Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2026/2027-ўқув йилидан бошлаб Тошкент шаҳрида жойлашган олий таълим ташкилотларида биринчи сменадаги дарс машғулотлари соат 08:00 да бошланади. Янги тартиб пойтахтда транспорт оқимини самарали ташкил этиш ва тирбандликни камайтириш мақсадида жорий этилмоқда.
Маълум қилинишича, дарсларни эртароқ бошлаш талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг ҳаракатланиш вақтини оқилона режалаштириш, шунингдек, кун давомида таълим жараёнини самарали ташкил этиш имконини беради.
Қайд этилишича, ушбу тартиб кундузги ва кечки таълим шаклида таҳсил олаётган талабаларнинг ўқув кунини тўғри режалаштириши, машғулотлар ва бошқа ўқув фаолияти учун вақт имкониятларини кенгайтиришга ҳам хизмат қилади.
Янги ўқув йилига тайёргарлик жараёнида Тошкентдаги олий таълим ташкилотлари раҳбарлари, профессор-ўқитувчилар ва талабалардан мазкур ўзгаришни инобатга олиш сўралган.
Олий таълим ташкилотларида дарсларни белгиланган вақтда бошлаш, ўқув жараёнини тегишли тарзда ташкил этиш ва талабалар учун зарур шароитларни таъминлаш бўйича чоралар кўрилади.
Янги тартиб фақат 2026/2027-ўқув йилидан бошлаб Тошкент шаҳридаги олий таълим ташкилотларининг биринчи сменасидаги ўқув машғулотларига тааллуқли.
Илгарироқ Тошкент шаҳар ҳокимлиги шаҳар ва туман ҳокимликлари, шаҳар бошқармалари ҳамда уларга қарашли бўлинмаларда ҳам иш вақтини 8:00 дан 17:00 гача белгилашни таклиф қилганди. Ҳозирда мазкур ташаббус бўйича аҳоли фикри ўрганилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас