Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Ўтган йил июнь ойида пойтахтнинг Юнусобод туманида учта болани уриб кетган аёл 4 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Болалардан бири воқеа жойида вафот этган, иккитаси турли даражадаги тан жароҳатлари олган эди. Бу ҳақида Batafsil.uz мухбири хабар бермоқда.
2019 йил 4 июнь куни кечқурун Юнусободнинг 11 мавзесида юз берган фожеа жамоатчилик ўртасида катта шов-шувга сабаб бўлган эди. Уч фарзанднинг онаси бўлган 43 ёшли Л.Толмачёванинг терговга маълум қилишича, у газ ва тормоз педалларини алмаштириб, болаларни уриб кетган.
Жиноий иш материалларига кўра, аёл ўзининг Nexia-3 русумли автомашинасида 11-мавзенинг 5, 6 ва 7-сонли кўп қаватли уйлар орасидаги ҳаракатланиб борган. У 5-сонли уй қарашисида бурилган. Толмачева йўл ёқасида турган тўртта болани (Г.А. (2007 йилда туғилган), И.С. (2007 йилда туғилган), Я.С. (2007 йилда туғилган) ва Ф.Р. (2006 йилда туғилган)) кўрган.
Олий суд матбуот хизматининг хабар беришича, "у ҳаракатланишни давом этиб, йўл қоидаларини қўпол равишда бузган ҳолда, ўзига ортиқча ишонганлиги ва бепарволиги туфайли балоғатга этмаган Г.А., И.С ва Я.С.ларни уриб кетган". Оқибатда Г.А. вафот этган, Я.С. енгил тан жароҳатлари, И.С. - ўртача оғирликдаги тан жароҳатларини олган.
Мазкур жиноят иши Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод туман судида судья Э.Шамсутдинованинг раислигида кўриб чиқилган. Дастлабки тергов органи Л.Толмачёвани Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисмида (йўл ҳаракати хавфсизлиги ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) кўрсатилган жиноят содир этганликда айблаган.
Суд аёлни айбдор деб топиб, 18 май куни унга 3 йил муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 4 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган. Суд тайинланган жазони яшаш колониясида ўташни ва жазони 2019 йил 6 июндан бошлаб ҳисобланишини белгилаган.
Олий суднинг эслатиб ўтишича, ҳукм устидан 10 кун ичида шикоят бериш мумкин.
Изоҳлар мавжуд емас