Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Самарқанд вилоятининг Нуробод туманидан Тошкент вилоятидаги "Ҳалқа" подстанциясигача бўлган 350 километрлик 500 киловаттли янги электр узатиш тармоғи барпо этилмоқда. Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳа доирасида ҳозирда таянчлар учун пойдевор қўйиш ишлари якунланиб, уларни ўрнатиш босқичи бошланган.
Янги тармоқ Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари ҳудудидан ўтади. Ушбу қурилишда Марказий Осиёда илк бор Ҳиндистоннинг Larsen & Toubro компанияси томонидан синовдан ўтказилган янги конструкциядаги икки занжирли таянчлардан фойдаланилмоқда. Лойиҳа доирасида, шунингдек, Нурободда 1 000 мегаватт қувватли қуёш электр станцияси ҳамда 1 336 мегаватт соат сиғимга эга энергия сақлаш тизими барпо этилмоқда.
Инфратузилма объектлари босқичма-босқич ишга туширилади. Хусусан, қурилиш ишлари 50 фоизга бажарилган 150 километрлик 220 киловаттли тармоқни 2027 йилнинг май ойида, асосий 500 киловаттли Нуробод — "Ҳалқа" тармоғини эса 2028 йилнинг биринчи чорагида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Янги электр узатиш тармоғи Нурободдаги қуёш станциясида ишлаб чиқарилган яшил энергияни ягона тизимга улаш имконини беради. Бу эса Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва Фарғона водийси вилоятлари аҳолиси ҳамда корхоналарини барқарор ва ишончли электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилади.
Олдинроқ Хоразм вилоятида қаттиқ маиший чиқиндилардан электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳасига 100 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилиш режалаштирилганди. У 2026-2028 йилларда Жанубий Кореянинг Green Hammer компанияси иштирокида амалга оширилади.
Изоҳлар мавжуд емас