Санъаткорлар ҳар бир тўй ва концерт учун алоҳида солиқ тўлайди
Иқтисод

Санъаткорлар ҳар бир тўй ва концерт учун алоҳида солиқ тўлайди

44

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда санъаткорлар, бошловчилар ва ижодий жамоалар фаолиятини тартибга солувчи янги тизим жорий этилмоқда. Президент қарори лойиҳасига кўра, эндиликда ижодкорлар ҳар бир хизмати учун Soliq мобил иловаси орқали ҳисоб бериши шарт бўлади.

2026 йил 1 сентябрдан кучга кириши кутилаётган ушбу ислоҳот ижодий соҳада коррупцияни камайтириш ва бюджет тушумларини оширишни кўзда тутади. Янги тартибга биноан, ижрочилар кўрсатадиган ҳизматининг жойи, санаси ва нархини иловада рўйхатдан ўтказиши лозим. Шундан сўнг "бир хизмат – бир тўлов" тамойили асосида белгиланган солиқ тўланади ва автоматик равишда электрон маълумотнома шакллантирилади.

Янги қоидаларга амал қилмаслик лицензия талабларини қўпол равишда бузиш деб ҳисобланади. Маълумот киритмаган ёки солиқдан қочган санъаткорларга шартнома қийматининг 20 фоизи миқдорида жарима солинади. Шу билан бирга, жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида қизиқарли механизм жорий этилмоқда: ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган шахслар ундирилган жариманинг 20 фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланади.

Soliq иловаси нафақат назорат органи, балки ижодкорлар учун қулай платформага ҳам айланади. Унда хизмат шартномаларини онлайн расмийлаштириш, тадбирларни электрон банд қилиш (бронь), санъаткорларнинг очиқ прайс-листлари ва ўртача нархлар каталоги, ижрочиларнинг солиқ интизомига асосланган рейтинги каби имкониятлар яратилади.

2029 йилдан бошлаб эса соҳа тўлиқ нақдсиз тўлов тизимига ўтказилиши ва солиқ ставкалари шартнома қийматидан келиб чиқиб автоматик ҳисобланиши режалаштирилган. Бу ўзгаришлар ўзбек шоу-бизнесидаги яширин иқтисодиётга барҳам бериши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда жисмоний шахслардан солиқ қарзини ундиришнинг янги механизми ишга туширилмоқда, у бюджет олдидаги мажбуриятларни коммунал хизматлардан фойдаланиш имконияти билан бирлаштиради. Энди ер солиғи ва мол-мулк солиғи бўйича тўланмаган қарздорлик электр ҳисобини тўлдириш имкониятига бевосита таъсир қилади. Ушбу чора Солиқ биллинг автоматлаштирилган тизими орқали жорий этилади ва умумий қарзи 1 миллион сўмдан ошган фуқароларга нисбатан қўлланилади.

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...