Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Сирдарё вилоятида 1,6 минг мегаватт қувватли янги "Сирдарё-2" иссиқлик электр станцияси қурилиши якунланмоқда. У ишга туширилгач, мамлакатнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини 17 фоизгача қоплаш ва йилига 2 миллиард куб метргача табиий газни тежаш имконини беради.
Лойиҳа Боёвут туманида Хитой компанияси томонидан Қатар, Япония ва Франция ҳамкорлари иштирокида амалга оширилмоқда. Бу ишларга 2 мингга яқин мутахассис жалб қилинган. Пудратчини маълумотларига кўра, қурилиш-монтаж ишларининг 80 фоиздан ортиғи якунланган. Уни келгуси йил июнь ойида ишга тушириш мўлжалланган.
"Сирдарё-2" ишга тушгач, йилига 10 миллиард киловатт-соат электр ишлаб чиқаради. Шунингдек, буғ-газ технологияларини қўллаш орқали карбонат ангидрид чиқиндилари камайиши кутилмоқда.
Аввалроқ Ширин шаҳрида Саудия Арабистони кўмагида янги энергия блоклари ишга туширилганди. Бу Сирдарё иссиқлик электр станцияси қувватини 15 фоизга ошириб, унинг умумий қувватини 1,5 минг мегаваттга етказиш имконини берди.
Ҳозир Ўзбекистонда электр энергиясининг қарийб 90 фоизи иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқарилади. Уларнинг тахминан учдан бир қисми Сирдарё ИЭСга тўғри келади.
Эслатиб ўтамиз, Жиззах вилоятида ҳам мамлакатдаги биринчи атом электр станцияси қурилишига тайёргарлик кўрилмоқда. Лойиҳанинг фаол босқичи 2026 йил март ойида бошланиши режалаштирилган.

Изоҳлар мавжуд емас