Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев пойтахт иқтисодиётини жадал ривожлантириш ва тадбиркорлик учун шароитларни кенгайтиришга бағишланган йиғилиш ўтказди. Йиғилишда ташқи бозорлардаги ўзгаришлар шароитида ички захираларни тўлиқ ишга солиш устувор вазифа экани таъкидланди.
Маълум қилинишича, Тошкент шаҳри мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 21 фоизини таъминлаб, миллий иқтисодиётда етакчи ўринни эгаллаб турибди. Жорий йил "Пойтахтда жадал ривожланиш ва аҳоли даромадлари ўсиши йили" деб эълон қилиниб, иқтисодиётни 12 фоизга ошириш, 3,6 миллиард долларлик экспорт, 9 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш ва 616 минг аҳоли бандлигини таъминлаш вазифалари белгиланган.
Йиғилишда шаҳарнинг 12 та тумани аниқ соҳаларга ихтисослаштирилиши маълум қилинган. Хусусан, Бектемир кимё саноати, Мирзо Улуғбек ахборот технологиялари ва таълим, Чилонзор фармацевтика, Яшнобод электроника ва логистика, Сергели металлургия каби йўналишларга ихтисослаштирилади.
Сўнгги икки ҳафтада 23 мингдан ортиқ тадбиркор билан учрашув ўтказилиб, 1300 дан зиёд муаммо ва 162 та янги ташаббус аниқлангани маълум қилинган. Президент уларнинг бирортаси ҳам эътибордан четда қолмаслиги лозимлигини таъкидлаган.
Шунингдек, бизнес учун лицензия ва рухсатномаларни ҳудудий даражага тушириш, экспортчиларни қўллаб-қувватлаш, логистика муаммоларини ҳал қилиш ва янги молиялаштириш механизмларини жорий этиш режалаштирилмоқда. Тадбиркорлар масалаларини тезкор ҳал қилиш учун махсус мувофиқлаштирувчи кенгаш тузиш таклиф қилинган.
Йиғилишда қўшимча 88 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш, 4,9 миллиард доллар экспорт, 5 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш ва 65,5 минг юқори даромадли иш ўрни яратиш бўйича янги захираларни ишга солиш вазифаси қўйилган. Шунингдек, пойтахт учун 500 миллион долларлик евробондлар чиқариш ҳам режалаштирилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас