Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Россиянинг Тула вилоятида дрон ҳужуми оқибатида Wildberries тармоғининг саралаш марказида ёнғин содир бўлди. Ҳодиса оқибатида бир киши жабрланган.
Вилоят губернатори Дмитрий Миляевнинг маълум қилишича, учувчисиз учиш аппарати логистика маркази ҳудудига қулаганидан кейин ёнғин келиб чиққан. Ҳозирда воқеа жойида тезкор хизматлар иш олиб бормоқда, ёнғин ўчирилмоқда, жабрланган шахсга тиббий ёрдам кўрсатилган.
RWB матбуот хизматига кўра, объектда олдиндан эвакуация ўтказилган. Шу сабабли ходимлар хавфсиз жойга олиб чиқилган. Айни пайтда ушбу марказга товар қабул қилиш вақтинча чекланиб, юклар бошқа логистика марказларига йўналтирилмоқда.
Губернаторнинг билдиришича, тун давомида Россия Мудофаа вазирлиги бўлинмалари Тула вилояти осмонида 107 та дронни йўқ қилган. Шунингдек, Венёв туманидаги икки кўп қаватли уй ва Новомосковск ҳамда Узловая туманларидаги икки ишлаб чиқариш объектига ҳам зарар етган.
Маълум қилинишича, 18 июлдан буён Wildberries логистика марказининг Тамбов, Москва, Краснодар, Ленинград, Тверь, Самара, Владимир, Волгоград вилоятлари, Ставрополь ўлкаси, Удмуртия, Қрим, Санкт-Петербург ва бошқа ҳудудлардаги омбор ҳамда саралаш марказлари бир неча бор дрон ҳужумларига учраган.
Айрим объектларда йирик ёнғинлар юз берган, қурбонлар ва жабрланганлар қайд этилган, компания эса логистика занжирларини қайта ташкил қилиб, зарарни баҳолаш ва товон тўлаш ишларини бошлаган.
24 июль куни ҳам Санкт-Петербург ва Тверь шаҳарларига уюштирилган оммавий дронлар ҳужуми оқибатида Wildberries компаниясининг камида битта омборида йирик ёнғин чиққанди. Шунингдек, Ленинград вилояти губернатори Александр Дрозденко ҳудуд осмонида 50 та учувчисиз бошқариладиган аппарат уриб туширилганини маълум қилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас