Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. "Янги Бухоро" халқаро аэропортини давлат-хусусий шериклик асосида қуриш ва бошқариш бўйича халқаро тендер якунланди. Унда Туркиянинг Limak İnşaat Sanayi ve Ticaret A.Ş. ва Қатарнинг Hamad Bin Khalid Contracting Company W\.L.L. компаниялари консорциуми ғолиб деб топилди.
Тендер 2026 йил 12 мартда эълон қилинган бўлиб, икки босқичда — дастлабки малака саралаши ва якуний таклифларни баҳолаш тартибида ўтказилган.
Олти нафар иштирокчи якуний босқичга ўтган. Натижада идоралараро тендер комиссияси ғолиб консорциумни аниқлаган.
Лойиҳага кўра, хусусий шерик соатига 1 200 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга янги йўловчи терминали, автовокзал олди майдони, автотураргоҳ ва зарур инфратузилмани қуриш ҳамда бошқаришни ўз зиммасига олади.
Давлат шериги эса учиш-қўниш йўлаги ва перрон каби аэродром мажмуасини қуриш ҳамда бошқариш учун масъул бўлади. Лойиҳа "Қуриш — топшириш — бошқариш" (BTO) модели асосида амалга оширилади.
Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим 23 йилга мўлжалланган бўлиб, унинг дастлабки уч йили қурилиш ишларига ажратилади. Ғолиб консорциум таркибидаги компаниялар халқаро инфратузилма лойиҳаларида тажрибага эга.
Жумладан, Limak компанияси Косоводаги Приштина ва Сенегалдаги Дакар халқаро аэропортларини бошқаради, Истанбул аэропорти қурилишида иштирок этган. Hamad Bin Khalid Contracting эса Қатардаги "Лусаил" стадиони қурилишида бош пудратчи бўлган.
Лойиҳа Бухорога келувчи сайёҳлар оқимини қабул қилиш имкониятларини кенгайтириш ва ҳудуднинг хорижий давлатлар билан авиақатновларини ривожлантиришга қаратилган.
"Янги Бухоро" аэропортини қуриш ва бошқариш лойиҳаси Президентнинг 2024 йил 30 августдаги ПҚ–308-сон қарори асосида Uzbekistan Airports томонидан Transport вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Аввалроқ Янги Тошкент аэропорти қурилиши сабаб Тошкент вилоятидаги 7 та қабристон кўчирилганди.

Изоҳлар мавжуд емас