Загрузка
Загрузка
Ўзбекистон банкларида муаммоли кредитлар ярим йилда қарийб 5 триллион сўмга ошди
Иқтисод

Ўзбекистон банкларида муаммоли кредитлар ярим йилда қарийб 5 триллион сўмга ошди

8
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2026 йилнинг биринчи ярмида тижорат банкларидаги муаммоли кредитлар ҳажми 4,9 триллион сўмга кўпайиб, 22,9 триллион сўмга етди. Ўсишнинг қарийб 74 фоизи давлат иштирокидаги банклар ҳиссасига тўғри келди. 

Марказий банк маълумотларига кўра, 1 июль ҳолатига республика банкларининг умумий кредит портфели 642,8 триллион сўмни ташкил этган. Шундан 22,9 триллион сўми ёки 3,6 фоизи муаммоли кредитлардан иборат. 

Ярим йил давомида кредит портфели 38,8 триллион сўмга кўпайган бўлса, муаммоли кредитлар ҳажми 4,9 триллион сўмга ошган. Бу эса кредитлаш ҳажми билан бирга банк тизимида қайтмаслик хавфи юқори бўлган қарзлар ҳам ўсиб бораётганини кўрсатади. 

Ҳисоботга кўра, давлат банкларининг кредит портфели 422,3 триллион сўмга етган. Улар ҳиссасига тўғри келадиган муаммоли кредитлар 16,4 триллион сўм ёки умумий портфелнинг 3,9 фоизини ташкил этган. Олти ой ичида давлат банкларидаги муаммоли кредитлар 3,6 триллион сўмга кўпайиб, республика бўйича умумий ўсишнинг қарийб тўртдан уч қисмини таъминлаган. 

Муаммоли кредитлар энг кўп ошган давлат банклари орасида "Микрокредитбанк" (902 миллиард сўм), "Халқ банки" (501 миллиард сўм), "Агробанк" (493 миллиард сўм), "Бизнесни ривожлантириш банки" (376 миллиард сўм), "Асакабанк" (372 миллиард сўм), "Саноатқурилишбанк" (344 миллиард сўм), "Алоқабанк" (304 миллиард сўм), "Миллийбанк" (220 миллиард сўм) ва "Туронбанк" (99 миллиард сўм) қайд этилган. 

Хусусий ва чет эл капитали иштирокидаги банкларда ҳам муаммоли кредитлар ўсган. Уларнинг умумий кредит портфели 220,6 триллион сўмни, муаммоли кредитлар ҳажми эса 6,5 триллион сўмни ёки портфелнинг 2,9 фоизини ташкил этган. Энг катта ўсиш Anorbank, TBC Bank, Ipak Yo‘li Bank, Orient Finans Bank ва Hamkorbank банкида қайд этилган. 

Шу билан бирга, айрим банклар муаммоли кредитлар ҳажмини қисқартиришга эришган. Хусусан, Kapitalbank, Ipotekabank ва Poytaxt bank банкида ушбу кўрсаткич пасайган. 

Бундан аввал Марказий банк аҳолининг қарз юкини баҳолаш мақсадида ўтказилган сўровнома натижаларини эълон қилганди. Мамлакатнинг барча ҳудудларида 5 800 нафарга яқин фуқаро ўртасида ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, респондентларнинг 77 фоизи ўзи ёки оила аъзоларининг банк ва банкдан ташқари молиявий ташкилотлар олдида қарз мажбурияти борлигини маълум қилган эди.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...