Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Президенти 2026 йил 28 август куни мамлакатда иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусийлаштиришни жадаллаштиришга қаратилган ПФ-177-сонли фармонни имзолади. Ҳужжатга кўра, республика бўйича умумий қиймати 100 триллион сўмлик давлат активлари, жумладан 84 та хўжалик жамиятидаги давлат улушлари, 1 242 та кўчмас мулк объекти ва тадбиркорлик ҳамда шаҳарсозлик мақсадлари учун қарийб 8 минг гектар ер участкалари савдога чиқарилади.
Тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда билдирилган таклифлар асосида ишлаб чиқилган ушбу фармон билан давлат активларини харид қилиш шартлари сезиларли даражада енгиллаштирилган. Хусусан, активларни харид қилишда аванс тўлови 35 фоиздан 15 фоизга туширилди. Қолган маблағни эса фоиз ҳисобланмаган ҳолда босқичма-босқич тўлаш мумкин бўлади.
Шунингдек, йирик битимлар учун алоҳида имтиёзлар тақдим этилмоқда. Актив қийматини 6 ой ичида тўлиқ тўлаган харидорларга 25 фоиз миқдорида чегирма берилади. Бундан ташқари, актив қийматининг 35 фоизини 3 ойда тўлаганларга қолган қисмини 5 йилгача, 50 фоизини 6 ойда тўлаганларга эса 7 йилгача фоизсиз бўлиб тўлаш имконияти яратилади.
Савдолар самарадорлигини ошириш мақсадида, агар актив 3 ой давомида сотилмаса, унинг нархини босқичма-босқич пасайтириш механизми қўлланилади. Айрим ҳолларда нархни пасайтириш ва кейинчалик ошириш механизмларини бирлаштирган "гибрид аукцион" усулидан ҳам фойдаланиш мумкин. Илгари сотилмай қолган 84 та актив эса бошланғич нархи 1 миллион сўм этиб белгиланган ҳолда қайта аукционга чиқарилади.
Бундан ташқари, давлат иштирокидаги 85 та корхона тугатилади ёки қайта ташкил этилади. Ер участкаларини инвесторларга "тайёр пакет" тамойили асосида, яъни муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишнинг техник шартлари ва зарур рухсат берувчи ҳужжатлар олдиндан тайёрланган ҳолда сотиш механизми жорий этилади.
Ушбу янги тартиб ва имтиёзлар давлат иштирокидаги тижорат банклари балансидаги активларни реализация қилишда ҳам қўлланилиши мумкин. Шунингдек, йирик давлат олий таълим муассасалари ва ихтисослаштирилган тиббиёт марказларини босқичма-босқич тижоратлаштириш ҳамда хусусий инвесторлар ва молиявий воситаларни жалб этиш имкониятлари яратилади.
Савдога чиқариладиган активларни реализация қилишдан йил якунига қадар камида 14 триллион сўм тушум олиш кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда давлат томонидан 30 триллион сўмлик активлар сотувга чиқарилганди.

Изоҳлар мавжуд емас