Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Рақобат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари республика товар ва молия бозорларида ўтказган кенг кўламли таҳлиллар натижасида 25 та хўжалик юритувчи субъект ўз фаолият ҳудудларида устун музокара кучига эга деб эътироф этилди.
Мазкур қарор "Рақобат тўғрисида"ги Қонуннинг 14-моддаси талаблари асосида қабул қилинган. Унга кўра, агар хўжалик юритувчи субъект устун мавқега эга бўлмаса ҳам, товарлар нархига, улар сотиладиган ҳудудга ёки битим шартларига бир томонлама таъсир кўрсатиш имкониятига эга бўлса, бундай ҳолат устун музокара кучи сифатида баҳоланади.
Ўрганишлар давомида аниқланган ушбу корхоналар асосан темир йўл линияларидан фойдаланиш, чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш, шунингдек, интернет-провайдерлик ва коммунал хизматлар кўрсатиш соҳаларида фаолият юритади. Хусусан, топширилган ҳужжатларга кўра, Тошкент шаҳрида Interterminal (темир йўл линияси), CityNet интернет хизмати) ва Streetpark Systems компаниялари (пулли тўхтаб туриш жойлари) устун музокара кучига эга деб топилган.
Тошкент вилоятида Олмалиқ кон-металлургия комбинати (иссиқлик энергияси) ҳамда Zangiota Obodon, Rahnamo Servis, OHANGARON SANITARIYA TOZALASH, TOZA HUDUD, ZERO-WESTE ва Angren Bunyod Fayz каби қатор корхоналар чиқиндиларни олиб чиқиш хизмати бўйича рўйхатга киритилган.
Шунингдек, Фарғона, Андижон, Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах, Наманган, Сирдарё, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасидаги чиқиндиларни олиб чиқиш, темир йўл ва газ хизматларини кўрсатувчи бошқа бир қатор корхоналар ҳам ушбу рўйхатдан ўрин олган.
Рақобат қўмитаси эслатишича, "Рақобат тўғрисида"ги Қонуннинг 18-моддасига асосан, устун музокара кучига эга деб топилган субъектларга рақобатни чеклаш, истеъмолчилар ёки бошқа тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини камситишга олиб келадиган ҳаракатларни амалга ошириш тақиқланади.
Олдинроқ OLX масъулияти чекланган жамияти ҳам шаклидаги хорижий корхона онлайн эълон жойлаштириш хизматлари бозорида устун мавқега эга рақамли платформа оператори сифатида тан олинганди.

Изоҳлар мавжуд емас