Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2026 йилнинг иккинчи чорагида Ўзбекистонда бизнес субъектлари томонидан эълон қилинган бўш иш ўринлари сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,8 фоизга қисқарди. Марказий банкнинг меҳнат бозори шарҳига кўра, ушбу пасайишга асосан чакана савдо (3,8 фоиз банд), ишлаб чиқариш (1,6 фоиз банд) ва бошқа йўналишлар (2,4 фоиз банд) ҳисса қўшган.
Муқобил манбалар вакансиялар сонининг ўсиш суръати пасайганини, бироқ меҳнат бозорида ижобий тенденция сақланаётганини кўрсатмоқда.
Иккинчи чоракда онлайн иш қидириш фаоллиги мавсумий ўсиш тенденциясига ўтган бўлиб, резюмелар сонининг ўсиш суръати аввалги даврларга нисбатан бироз пасайган бўлса-да, юқори даражада сақланиб қолган. Резюмелар сонининг ўсиши вакансиялар сонидан сезиларли даражада юқори шакллангани ишчи кучи таклифи ва талаб ўртасидаги тафовут кенгайиб, меҳнат бозорида рақобат ортаётганидан далолат беради.
Шу билан бирга, 2026 йилнинг биринчи чорагида иқтисодиётда бандлар сони йиллик ҳисобда 5,2 фоизга ошиб, сўнгги тўрт йилдаги энг юқори ўсишни қайд этган. Ушбу ўсиш асосан саноат ва хизматлар соҳалари ҳиссасига тўғри келди. Шунингдек, 1 июнь ҳолатига иқтисодиётда фаолият юритаётган корхона ва ташкилотлар сони 471 мингтани ташкил этиб, йил бошига нисбатан 7,2 фоизга ошган.
Бироқ Марказий банк сўровига кўра, иш ўринлари сонини оширишни кутаётган бизнес субъектлари улуши март ойидаги 40 фоиздан июнда 34 фоизгача камайган.
Аксинча, иш ўринларини қисқартиришни кутаётган тадбиркорлар улуши биринчи чоракдаги ўртача 6,6 фоиздан иккинчи чоракда 9,2 фоизгача ошган.
Соҳалар кесимида саноат ва қурилишда иш ўринлари сонининг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қисқариши, хизматлар ва савдо соҳаларида эса ошиши кутилмоқда. Марказий банк қайд этишича, вакансиялар сонидаги жорий ўзгаришлар кейинги чоракларда бандлик кўрсаткичларида ўз аксини топиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ёшларни иш билан таъминлаш учун қурилиш отрядлари ва бўш иш ўринлари ярмаркалари ташкил этилади, янги ўқув йилидан бошлаб талабалар учун даромад ва ижтимоий солиқ 1 фоизгача камайганди.

Изоҳлар мавжуд емас