Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда қарийб 5 мингта лифтнинг фойдаланиш муддати ўтиб кетган бўлиб, бу ҳақда 13 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган Ҳукумат соатида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов маълум қилди.
Вазирининг таъкидлашича, бугунги кунда республика бўйича 4 973 та лифт ўз хизмат муддатини ўтаб бўлган ва уларга техник хизмат ҳамда профилактик таъмирлаш ишлари ўз вақтида амалга оширилмагани ҳам тез-тез бузилиш ҳолатларига сабаб бўлмоқда.
Мамлакатда лифтлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 1 майида "Хавфсиз лифт" ягона идоралараро электрон платформаси ишга туширилган бўлиб, унда 7 201 та бинодаги 19 740 та лифт ускунасининг электрон базаси шакллантирилган.
Шунингдек, фойдаланишдаги 18 489 та лифтнинг базаси яратилиб, уларга хизмат кўрсатувчи 93 та ташкилот реестри тузилган ва масофадан туриб мониторинг қилиш имконияти яратилган.
Янги қурилаётган уйлардаги лифтлар Уй-жой қурилиши назорат инспекцияси, Саноат, кон ва техника хавфсизлиги қўмитаси ҳамда Ўзстандарт агентлиги мутахассислари иштирокида қабул қилиниб, сертификатлари платформага юклангач ҳамда мобил алоқа ва видеокузатув воситалари билан таъминланиб, ситуацион марказга улангандан сўнггина фойдаланишга рухсат этилади.
Депутат Зокиржон Зоҳидов кўп қаватли уйлардаги лифтларнинг тез-тез бузилиши ва фуқароларнинг ичкарида қолиб кетиши муаммолари юзасидан берган саволига жавобан, вазир 2021–2026 йилларда бюджет маблағлари ҳисобидан 3 274 та лифт янгилангани ва 71 таси таъмирланганини маълум қилган.
Шу билан бирга, Президентнинг 2026 йил 16 февралдаги фармонига асосан, 2026–2030 йилларда яна 4 953 та лифт таъмирланиши ва янгиланиши белгиланган бўлиб, бунинг учун тегишли маблағлар ажратилган.
Аввалроқ 2025 йил 1 майдан кўп қаватли уйлардаги лифтларнинг сифати ва хавфсизлигини назорат қилишни кучайтиришга қаратилган "Хавфсиз лифт" электрон платформаси ишга туширилганди.

Изоҳлар мавжуд емас