Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Дональд Трамп АҚШнинг Ҳўрмуз бўғозида тўсиб қўйилган кемаларни хавфсиз олиб чиқиш бўйича "Озодлик лойиҳаси" (Project Freedom) операцияси бошланганини маълум қилди. Унга кўра, операция душанба куни эрталаб Яқин Шарқ вақти билан старт олади.
Трампнинг айтишича, дунё бўйлаб бир қатор давлатлар ўз кемаларини озод қилишда ёрдам сўраб АҚШга мурожаат қилган. Америка кучлари кемаларни кузатиб бориб, уларнинг бўғоздан хавфсиз чиқишини таъминлайди.
Маълумотига кўра, операцияда бошқариладиган ракетага эга эсминецлар, 100 дан ортиқ самолёт, учувчисиз қурилмалар ҳамда тахминан 15 минг ҳарбий хизматчи иштирок этади.
Трампнинг баёнотидан сўнг Эрон томонидан огоҳлантириш берилган. Унга кўра, бўғоз атрофидаги вазиятга АҚШ аралашуви ўт очишни тўхтатиш режими бузилиши сифатида баҳоланади.
Аввалроқ Британия денгиз савдо операциялари бошқармаси Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Форс кўрфази шимолида, БАА соҳиллари яқинида бўлган савдо кемаларига жанубга чекиниш бўйича кўрсатма берганини маълум қилган.
Таъкидлаш жоизки, 6-апрель куни Трамп Эрон раҳбариятига Ҳўрмуз бўғозини 7-апрельга қадар очиш бўйича ултиматум қўйиб, акс ҳолда мамлакат энергетика ва транспорт инфратузилмасига вайронкор зарбалар берилиши билан таҳдид қилганди. Дунё бўйлаб нефть ва табиий газ етказиб беришнинг бешдан бир қисми ўтадиган ушбу стратегик сув йўли Эрон томонидан ёпиб қўйилган бўлиб, Трамп ўз баёнотида вазият кескинлашса, Теҳрон "дўзахда яшаши"ни таъкидлаган эди.

Изоҳлар мавжуд емас