Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда тадбиркорлар аукцион орқали ер участкаси сотиб олганидан сўнг, қурилиш ишларини дарҳол бошлашлари мумкин бўлади. Бунинг учун аввалгидек 6 ойдан 12 ойгача рухсатнома ва бошқа ҳужжатларни йиғиш талаб этилмайди. Ер участкалари аукционга архитектура-режалаштириш топшириғи, лойиҳа ва қурилишга рухсатнома каби тайёр ҳужжатлар тўплами билан чиқарилади.
Бу ҳақда 18 август куни Хоразм вилоятида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказган Президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.
Бюрократик тартиб-таомилларни қисқартириш билан бирга, қурилиш қилувчиларнинг молиявий юки ҳам камайтирилади. Хусусан, инфратузилма йиғими бўйича аванс тўлови 20 фоиздан 5 фоизга туширилади.
Аввалроқ Тошкент шаҳрида аҳоли учун умумий фойдаланишга мўлжалланган шаҳар ҳудудларини тўлиқ хатловдан ўтказиш режалаштирилгани хабар қилинган эди. Текширув доирасида қурилишга рухсатномаларнинг қонунийлиги, шаҳарсозлик меъёрларига риоя қилиниши ва аҳоли ҳуқуқларига амал қилиниши ўрганилади.

Изоҳлар мавжуд емас