Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент вилояти Тошкент туманида тунги хизматни ўтаётган ички ишлар органлари ходимлари ва Дамас ҳайдовчиси ўртасидаги низо юзасидан хизмат текшируви бошланди. Текширув давомида ходимларнинг фуқаро билан мулоқотдаги хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.
Ҳодиса жорий йил 2 август куни соат 21:30 атрофида содир бўлган. Маълум қилинишича, фуқарога тегишли Дамас автомобили кузови ва ойналарига ҳаракат хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатувчи ёзувлар ҳамда реклама тасвирлари туширилгани аниқланган.
Шу сабабли ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Бироқ фуқаро билан мулоқот жараёнида айрим ички ишлар органлари ходимлари томонидан қўпол муомалага йўл қўйилгани аниқланган.
Мазкур ҳолат Тошкент вилояти ИИББ томонидан назоратга олинган. Ходимларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида белгиланган тартибда хизмат текшируви тайинланган.
Тошкент вилояти ИИББ ички ишлар органлари ходимларини фуқаролар билан мулоқотда қонунийлик, одоб-ахлоқ ва хизмат интизоми талабларига қатъий риоя қилишга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, илгарироқ Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси раҳбар ходими, подполковник Шерзод Пардаев хизмат интизомини бузгани ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилишга йўл қўйгани учун эгаллаб турган лавозимидан четлатилганди. Ички ишлар вазири ўринбосари Диёрбек Саттаров иштирокида ўтган танқидий йиғилишда ушбу қарор қабул қилиниб, хизмат интизомига риоя этмаган ҳар қандай ходимга нисбатан жавобгарлик муқаррарлиги таъкидланган
эди.

Изоҳлар мавжуд емас