Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Орол денгизининг қуриши нафақат экологик офатга, балки ўнлаб йиллар давомида денгиз тубида тўпланган органик моддалардан атмосферага катта миқдорда карбонат ангидрид чиқишига ҳам сабаб бўлди. Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 1960-йиллардан 2022 йилгача Орол денгизининг қуриган тубидан атмосферага тахминан 748 миллион тонна карбонат ангидрид чиқарилган.
Тадқиқотчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, испаниялик олимлар гуруҳи 2022 йилги экспедиция давомида Орол денгизининг қуриган тубидаги 14 та ҳудуддан чўкинди намуналарини олган. Шунингдек, олимлар бу ҳудудларда атмосферага чиқарилаётган карбонат ангидрид миқдорини ўрганган. Изотоп таҳлиллари газнинг денгиз тубида аввал кўмилган органик моддалар парчаланиши натижасида ҳосил бўлаётганини тасдиқлаган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, денгиз тубида ҳали яна 605 миллион тонна карбонат ангидрид чиқишига тенг миқдорда органик моддалар сақланиб қолган. Агар бу жараённинг олди олинмаса, уларнинг парчаланиши натижасида атмосферага яна катта миқдорда иссиқхона газлари чиқиши мумкин.
Шу билан бирга, денгиз тубидаги углеродни сақлаб қолиш иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиришга ёрдам бериши мумкин. Тадқиқотчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бу "углеродни молиялаштириш" механизмлари орқали 3,6 миллиард доллардан 18 миллиард долларгача иқтисодий қиймат яратиши мумкин.
Бундай маблағлар Орол ҳавзасини тиклаш лойиҳаларини молиялаштириш манбаларидан бири бўлиши мумкин. Бироқ Орол денгизини аввалги ҳолатига қайтариш ўта мураккаб вазифа ҳисобланади.
Орол денгизини 1960 йилда сув билан қопланган ҳудудининг ярмигача тиклаш учун бутун ҳавза бўйлаб ирригация тизимларини модернизация қилиш ва қарийб 9,7 миллиард доллар сармоя киритиш талаб этилади. Шу сабабли олимлар денгизни тўлиқ тиклашдан кўра, сувни қайтариш ва экотизимни босқичма-босқич соғломлаштиришга қаратилган маҳаллий лойиҳаларни амалга оширишни мақбул ечим сифатида кўрсатмоқда.
Аввалроқ Қорақалпоғистоннинг қуриган Орол денгизи туби ва Устюрт платосида бўлиб ўтган "Ralli Moʻynoq 2026" Ўзбекистон очиқ чемпионати нафақат спортчиларнинг маҳорат майдонига, балки мамлакатда спорт ва экстрим-туризмни ривожлантиришнинг муҳим платформасига айлангани хабар қилинган эди.

Изоҳлар мавжуд емас