Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда сўнгги ўн йилда табиий газ истеъмоли сезиларли даражада ўсиб, мамлакат газ қазиб олиш ҳажмидан кўпроқ газ ишлата бошлади. 2025 йилда ички истеъмол 54,32 миллиард куб метрга етган бир пайтда қазиб олиш 40,16 миллиард куб метрни ташкил қилди.
Бу рақамлар Италиянинг Eni энергетика компанияси эълон қилган World Energy Review 2026 ҳисоботида келтирилган.
Ҳужжатга кўра, 2015 йилда Ўзбекистонда 46,55 миллиард куб метр табиий газ қазиб олинган, ички истеъмол эса 35,4 миллиард куб метр бўлган. 2025 йилга келиб қазиб олиш 14 фоизга камайган, истеъмол эса 53 фоизга ошган.
Натижада газ истеъмоли ички қазиб олиш ҳажмидан 14,16 миллиард куб метрга кўпайган. 2025 йилда мамлакат 19,88 миллиард куб метр газ импорт қилган ва 5,72 миллиард куб метр газ экспорт қилган. Шу тариқа, Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг йирик газ импортчисига айланган.
Истеъмолнинг ўсишини фақат аҳоли сони кўпайиши билан изоҳлаб бўлмайди. Ҳисоботда қайд этилишича, 2015–2025 йилларда мамлакат аҳолиси 30,7 миллиондан 37,1 миллионга етган. Шу даврда аҳоли жон бошига йиллик газ истеъмоли ҳам 1 151 куб метрдан 1 466 куб метрга кўтарилган.
Нефть маҳсулотларига талаб ҳам ошган. 2015 йилда Ўзбекистонда бир кунда 84 минг баррель нефть истеъмол қилинган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 147 минг баррелга етган. Нефть қазиб олиш эса шу даврда 66 минг баррелдан 81 минг баррелга кўпайган. Натижада ички қазиб олиш мамлакат эҳтиёжининг 55 фоизини қоплаган.
Шу билан бирга, қайта тикланувчи энергия манбалари қуввати ҳам ўсган. 2025 йилда қуёш электр станцияларининг ўрнатилган қуввати 86 фоизга ошиб, 5 934 мегаваттни ташкил этган.
Шамол электр станциялари қуввати эса 501 мегаваттдан 1 652 мегаваттга етган. Қуёш ва шамол станцияларининг умумий қуввати 7 586 мегаваттни ташкил қилган.
Аввалроқ Устюртдаги нефть-газ лойиҳасига Австралия компанияси жалб этилиши ҳақида хабар берилганди.

Изоҳлар мавжуд емас