Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Статистика маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида республика истеъмол секторидаги инфляция даражаси 4,2 фоизни ташкил этди. Шу билан бирга, ушбу даврда экспорт кўрсаткичлари 5,5 фоизга камайган.
Ҳисобот даврида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўртача 2,9 фоизга қимматлашиб, умумий инфляция даражасига 1,19 фоиз пункти таъсир кўрсатган бўлса, озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари 4,6 фоизга ошиб, умумий кўрсаткичнинг 1,50 фоиз пункти ўсиш суръатини таъминлаган.
Шунингдек, хизматлар 5,6 фоизга қимматлашиб, умумий кўрсаткичга қўшимча 1,48 фоиз пункти миқдорида ҳисса қўшган. 2025 йилнинг декабрига нисбатан истеъмол нархлари индексининг юқори чегараси "Суғурталаш ва молиявий хизматлар" бўйича 143,9 фоизга, қуйи чегараси эса "Кийим ва пойабзал" бўйича 101,9 фоизга етган.
2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида йиғма истеъмол нархлари индексининг ўсишига "Турар жой хизматлари, сув, электр, газ ва бошқа ёнилғи турлари" ҳамда "Озиқ-овқат маҳсулотлари ва спиртсиз ичимликлар" бўлимларидаги нархлар ўзгариши энг катта ҳисса қўшган. Қолган бўлимларнинг умумий ҳиссаси эса 1,92 фоиз пунктини ташкил этган.
Шунингдек, 2026 йилнинг январь–сентябрь ойлари якуни билан республиканинг ташқи савдо айланмаси 65 миллиард 403 миллион долларини ташкил этиб, 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 3 миллиард 874 миллион долларига ёки 6,3 фоизга кўпайган.
Хусусан, экспорт ҳажми 25 миллиард 843 миллион долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,5 фоизга камайган. Импорт ҳажми эса 39 миллиард 560 миллион долларига етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15,7 фоизга ошган.
Экспорт таркибида товарлар улуши 62,4 фоизни ташкил этган, шу жумладан саноат маҳсулотлари – 14,1 фоиз, турли хил тайёр буюмлар – 10,2 фоиз, кимёвий моддалар ва уларга ўхшаш маҳсулотлар эса 7,9 фоизга етган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2026 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистонда истеъмол нархлари индекси (ИНИ) ўтган август ойига нисбатан 0,7 фоизга ошган эди. Йил бошидан буён (январь-сентябрь) инфляция даражаси 4,2 фоизни, йиллик нисбатда эса (2025 йилнинг сентябрига нисбатан) 6,4 фоизни ташкил этганди.

Изоҳлар мавжуд емас