Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Испанияда иккита тезюрар поезд тўқнашиши оқибатида камида 46 киши ҳалок бўлди, 179 нафардан ортиқ киши жароҳатланди. Фожиа сабабли Мадрид ва мамлакат жанубидаги Андалусия минтақаси ўртасидаги поездлар ҳаракати вақтинча тўхтатилди.
Хорижий ОАВ маълумотларига кўра, ҳодиса Мадрид — Севилья йўналишида содир бўлган. Тўқнашувда Renfe компаниясининг Siemens томонидан ишлаб чиқарилган, 147 нафар йўловчи бўлган AVE поезди ва Hitachi томонидан ишлаб чиқарилган, 397 нафар йўловчини ташиётган Iryo поезди иштирок этган.
Кастилия-Ла-Манча минтақаси ҳукумати вакиллари қурбонлар сони ортиши мумкинлигини билдирган. Ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш учун қутқарув хизматлари сафарбар қилинган. Урда шаҳри мери Мануэль Галан жароҳатланганларга ёрдам бериш мақсадида маҳаллий спорт залини тайёрлаш ишлари олиб борилаётганини маълум қилган.
Ҳалокатнинг дастлабки сабаби
Испаниянинг El País нашри манбаларига кўра, ҳалокатга поездлар ҳаракатини бошқаришдаги инсон хатоси сабаб бўлган бўлиши мумкин. ABC нашри эса хавфсизлик тизимини таъмирлаш билан шуғулланган ходим поездлар хавфли даражада яқинлашгани ҳақида огоҳлантирмаган бўлиши мумкинлигини ёзган.
Ҳукумат манбаларига кўра, эҳтимолий сабаблардан бири темир йўл инфратузилмаси оператори Adif тизимидаги носозлик билан боғлиқ. Асосий сигнализация тизими ишдан чиққанида бошқарув автоматик режимдан қўлда бошқариш режимига ўтган бўлиши мумкин. Ҳозирча бу маълумотлар ҳалокатнинг расман тасдиқланган сабаби эмас.
Ҳодиса муносабати билан Испаниядаги асосий сиёсий партиялар сайловолди тадбирларини вақтинча тўхтатган. Бош вазир Педро Санчес ва мухолифат етакчиси Альберто Нуньес Фейхоо ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдириб, қутқарув хизматларига зарур ёрдам кўрсатилаётганини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил январь ойида Испаниянинг Кордова провинциясида иккита тезюрар поезд тўқнашиши оқибатида 21 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.

Изоҳлар мавжуд емас