Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистонда йиллик инфляция 2026 йил июль ойида 6,4 фоизгача пасайди. Бироқ айрим озиқ-овқат маҳсулотлари ва ёнилғи нархларида сезиларли ўсиш қайд этилди.
Жумладан, июль ойида пропан нархи 34,6 фоизга ошган. Озиқ-овқат маҳсулотлари орасида эса лимон 32 фоиз, помидор 30,5 фоиз, қўй гўшти 20,9 фоиз, мол гўшти 18,8 фоиз ва булғор қалампири 17,6 фоизга қимматлашган.
Шу билан бирга, айрим маҳсулотлар нархи пасайган. Хусусан, бақлажон 31 фоиз, саримсоқ 27,5 фоиз, пиёз 16,5 фоиз, сабзи 13,3 фоиз ва картошка 9,3 фоизга арзонлашган.
Умуман, истеъмол саватидаги 167 турдаги озиқ-овқат маҳсулотининг 148 тасида, яъни 89 фоизида йиллик нарх ўсиши 10 фоиздан паст бўлган. Ноозиқ-овқат маҳсулотларининг ҳам аксариятида нархлар нисбатан барқарор қолган.
Марказий банк ҳисоботида қайд этилишича, хизматлар соҳасида инфляциянинг сезиларли пасайиши юқори база таъсирининг чиқиб кетиши билан изоҳланган.
Эслатиб ўтамиз, мамлакатда гўштга бўлган талаб ишлаб чиқариш ҳажмидан юқори бўлиб қолмоқда. Шу сабабли 2026–2028 йилларга мўлжалланган чорвачиликни ривожлантириш дастури доирасида соҳага 463 миллион доллар йўналтириш режалаштирилган. Мазкур маблағлар ҳисобига қўшимча 190 минг тонна гўшт етиштириш кўзда тутилган.

Изоҳлар мавжуд емас