Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Миллий статистика қўмитаси маълумот беришича, 2026 йилнинг 1 февраль ҳолатига кўра, республикада чет эл инвестициялари иштирокида жами 18 513 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Сўнгги беш йил ичида бундай корхоналар сони 1,9 бараварга кўпайган бўлиб, хорижий капиталнинг мамлакат иқтисодиётидаги улуши сезиларли даражада кенгайган.
Ўзбекистон инвестиция муҳитининг жозибадорлиги ортиши натижасида хорижий корхоналар таркибида ҳам сифат ўзгаришлари кузатилмоқда. Ҳозирда фаолият юритаётган корхоналарнинг 14 231 таси тўлиқ хорижий, 4 282 таси эса қўшма корхоналар ҳисобланади. Эътиборли жиҳати, хорижий корхоналарнинг умумий улуши беш йил аввалги 55,1 фоиздан 76,9 фоизгача кўтарилган бўлиб, бу инвесторларнинг мамлакат иқтисодиётига бўлган ишончи ортиб бораётганини кўрсатади.
Мамлакат иқтисодиётига сармоя киритаётган давлатлар орасида Хитой Халқ Республикаси мутлақ етакчилик қилмоқда. Статистика маълумотларига кўра, Хитой капитали иштирокида 5 218 та корхона рўйхатга олинган. Шунингдек, кучли учликдан Россия (3 190 та) ва Туркия (2 149 та) жой олган. Шу билан бирга, Қозоғистон (1 221 та), Жанубий Корея (699 та), Афғонистон (647 та), БАА (413 та), Тожикистон (410 та), Ҳиндистон (394 та) ва Озарбайжон (368 та) капитали иштирокидаги корхоналар ҳам Ўзбекистон бозорида фаол ишламоқда.
Эслатиб ўтамиз, Хитой нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиё давлатларида ҳам етакчи. Хусусан, у билан 2025 йилда бешта мамлакат товар айирбошлаш ҳажмини тарихда биринчи марта 100 миллиард доллардан ошдирган эди.

Изоҳлар мавжуд емас