Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, жорий йил бошидан буён қайта тикланувчи энергия манбалари (қуёш ва шамол электр станциялари) орқали ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳажми 10 миллиард киловатт-соатдан ошди.
8 декабрь куни соат 17:00 да қайд этилган бу янги рекорд, мамлакатнинг барқарор энергетикага ўтиш йўлидаги тезкор қадамларидан далолат беради.
Ҳозирда қуёш ва шамол электр станцияларининг умумий ўрнатилган қуввати 5582 мегаваттни ташкил этмоқда.
22 октябрь куни 9 миллиард киловатт-соат кўрсаткичи қайд этилган бўлса, сўнгги бир ярим ой мобайнида қўшимча 1 миллиард мегаватт-соат "яшил" энергия ишлаб чиқарилган.
Қайта тикланувчи манбалар ҳисобига 2,7 миллиард куб метр табиий газ тежалган.
Атмосферага чиқиши мумкин бўлган 4,4 миллион тонна зарарли моддаларнинг олди олинган.
Гидроэлектр станциялар (ГЭС) ҳисобга олинганда, 8 декабрь соат 17:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбалари орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясининг умумий ҳажми 16 миллиард киловатт-соатга етган.
Бу кўрсаткич мамлакатдаги 6,6 миллион истеъмолчининг бир йиллик электр энергияси эҳтиёжига тўғри келади.
Ўзбекистонда "яшил" энергия ишлаб чиқариш ҳажми сўнгги йилларда кескин ошган:
• 2022 йил: 434 млн кВт⋅соат.
• 2023 йил: 576,9 млн кВт⋅соат.
• 2024 йил: 4,86 млрд кВт⋅соат.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев 5 декабрь куни энергетика соҳасидаги энг йирик лойиҳалар пакетига старт берганди. Биргина рамзий тугмани босиш орқали умумий қиймати 11 миллиард долларлик 42 та янги объект ишга туширилди ва яна 21 та лойиҳа қурилиши бошланган.

Изоҳлар мавжуд емас