Загрузка
Загрузка
Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 84 миллиард доллардан ошди: Асосий ўсиш ниманинг ҳисобига бўлмоқда?
Иқтисод

Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 84 миллиард доллардан ошди: Асосий ўсиш ниманинг ҳисобига бўлмоқда?

30
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.  Марказий банк мамлакатнинг молиявий барқарорлиги ва халқаро майдондаги қарздорлик мавқеига оид янги ҳисоботини эълон қилди. Маълумотларга кўра, жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги якуни бўйича Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 84,1 миллиард долларлик чегарадан ўтди.

Сўнгги бир йил ичида мамлакатнинг ташқи молиявий мажбуриятлари 12,1 миллиард долларга (16,4 фоизга) кўпайган бўлса, охирги икки йил давомида бу ўсиш 27,5 миллиард долларни ташкил этган.

Агар рақамлар синчковлик билан таҳлил қилинса, ташқи қарз тузилмасида тенглик ўрнатилганини ва ҳатто хусусий сектор улуши устунлик қила бошлаганини кўриш мумкин. Хусусан,  умумий қарзнинг ярмидан кўпини — 42,4 миллиард долларни айнан тадбиркорлик субъектлари ва тижорат банклари томонидан давлат кафолатисиз жалб қилинган маблағлар ташкил этмоқда. Бу қарзлар бўйича давлат ҳеч қандай молиявий мажбурият олмайди ва тўловлар бизнеснинг ўз даромади ҳисобидан қопланади.

Қолган 41,7 миллиард доллар эса давлат қарзи. Бу бевосита давлат томонидан ва унинг кафолати остида жалб қилинган бюджет ва инфратузилма маблағларидир.

Интизомли равишда ўсиб бораётган умумий қарзнинг асосий драйвери охирги бир йилда айнан корпоратив сектор бўлган. Бир йил ичида хусусий сектор қарзи 7 миллиард долларга кўпайган бўлса, давлат қарзининг ортиши нисбатан вазминроқ — 4,8 миллиард долларни ташкил этган.

Фақатгина жорий йилнинг II чорагига (апрель–июнь) эътибор қаратадиган бўлсак, уч ой ичида умумий қарз 1,9 миллиард долларга кўпайган. Ушбу даврда асосий оғирлик давлат секторига тўғри келиб, бюджет эҳтиёжлари учун 1,2 миллиард доллар, хусусий сектор томонидан эса 0,7 миллиард доллар ташқи капитал жалб қилинган.

Шу билан бирга, мамлакат резидентларининг хорижий ҳамкорлар олдидаги умумий ташқи мажбуриятлари қолдиғи ҳам йил бошига нисбатан 5,8 миллиард долларга кўпайиб, 5 фоизлик ўсишни кўрсатган. Бу эса маҳаллий бизнеснинг халқаро капитал бозорларидаги фаоллиги сақланиб қолаётганидан далолат беради.

Маълумот учун, Ўзбекистоннинг давлат қарзи 2026 йилнинг иккинчи чораги якунида 48,315 миллиард долларни ташкил этганди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларига кўра, йилнинг дастлабки уч ойига нисбатан мажбуриятлар ҳажми 1,33 миллиард долларга ёки 2,8 фоизга ошган эди.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...