Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қозоғистоннинг "Қазгидромет" хизмати Тошкент ҳавосидаги PM-10 ва PM-2.5 заррачалари кўпайишига Қозоғистон ҳудудидан келган чанг сабаб бўлгани ҳақидаги маълумотларни илмий жиҳатдан тасдиқловчи далиллар етарли эмаслигини билдирди. Мутахассислар 15–22 ноябрь кунлари Тошкент, Сариоғоч ва Чимкент атрофидаги ҳаво оқимлари ҳаракатини таҳлил қилган.
Аввалроқ Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати 17–21 ноябрь кунлари чегара яқинидаги кузатув станцияларида PM-10 ва PM-2.5 заррачалари миқдори ошганини маълум қилган. Бунга сабаблардан бири сифатида Қозоғистон ҳудудидан Тошкент вилояти ва пойтахт томон трансчегаравий чанг массаларининг кириб келиши кўрсатилган эди.
"Қазгидромет" маълумотига кўра, мазкур даврда Тошкент томонга асосан жануби-ғарбий йўналишдан — Эрон, Қизилқум чўли ва Ўзбекистоннинг жануби-ғарбий ҳудудларидан ҳаво оқимлари келган.
АҚШнинг Миллий океан ва атмосфера тадқиқотлари бошқармаси (NOAA) ишлаб чиққан HYSPLIT модели ёрдамида ўтказилган ҳисоб-китоблар ҳам Қозоғистондан Тошкентга тўғридан-тўғри ҳаво оқими келганини тасдиқламаган.
Шунингдек, 2015–2025 йиллардаги метеорологик маълумотлар таҳлилига кўра, Сариоғоч ҳудудидан Тошкент томон ҳаво оқими атиги 3–5 фоиз ҳолатда кузатилган.
Қозоғистонлик мутахассислар эса Тошкент ҳавосига шаҳарнинг ички ифлосланиш манбалари — автомобиль транспорти, иситиш тизимлари, саноат корхоналари ва қурилиш ишлари ҳам таъсир кўрсатишини таъкидлаган.
Уларнинг фикрича, чегара яқинидаги станцияларда қайд этилган кўрсаткичлар чангнинг айнан қайси ҳудуддан келганини аниқлаш учун етарли эмас.

Изоҳлар мавжуд емас