Загрузка
Загрузка
Жаҳон банки юз минглаб иш ўринлари яратиши учун Ўзбекистонга 800 миллион доллар ажратади
Иқтисод

Жаҳон банки юз минглаб иш ўринлари яратиши учун Ўзбекистонга 800 миллион доллар ажратади

2
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жаҳон банки гуруҳи Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун 800 миллион долларлик молиялаштириш пакетини маъқуллади. Маблағлар хусусий секторни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, энергетика ва қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ҳамда экологик тоза иқтисодиётга ўтишга йўналтирилади. 2029–2031 йилларда ушбу ислоҳотлар натижасида 275 мингта қўшимча ва сифатли иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

Жаҳон банки Ижрочи директорлар кенгаши молиялаштириш пакетини 2026 йил 25 ноябрь куни маъқуллаган. Дастур мамлакатнинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувини чуқурлаштириш ва иқтисодий ўсишда хусусий секторнинг улушини оширишни ҳам назарда тутади.

Ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришдир. Бунинг учун ижтимоий суғурта қамрови, жумладан, ҳомиладорлик ва туғиш, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаларини тўлаш тизими такомиллаштирилади. Шунингдек, меҳнат шароитларини яхшилаш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга хизмат кўрсатиш сифати оширилади.

Хусусий сектор рақобатбардошлигини ошириш мақсадида давлат корхоналарини ислоҳ қилиш ва бозорда адолатли рақобат муҳитини шакллантириш ишлари давом эттирилади. Бу хусусий бизнес учун инвестиция киритиш, инновацияларни жорий этиш ва янги иш ўринлари яратиш имкониятларини кенгайтириши кутилмоқда.

Дастур доирасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ҳам кўзда тутилган. Хусусан, 2028 йилгача яна 500 минг нафар фойдаланувчи, жумладан, 250 минг нафар хотин-қиз кенг полосали интернетдан фойдаланиш имкониятига эга бўлиши режалаштирилган.

Энергетика соҳасида электр энергияси ва табиий газ бозорини тартибга солиш тизими такомиллаштирилади. Электр энергиясини ишлаб чиқариш ва тақсимлашга хусусий инвестицияларни жалб қилиш учун шароит яратилади. 2028 йилгача электр энергияси истеъмолчиларининг 15 фоизига хусусий операторлар бошқарадиган тақсимлаш тармоқлари орқали хизмат кўрсатиш мақсад қилинган.

Қишлоқ хўжалигида эса фермер ва чорвадорларни иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавфлардан ҳимоя қилиш учун суғурта тизими кенгайтирилади. 2028 йилгача фермер ва чорвадорларнинг 35 фоизини суғурта билан қамраб олиш режалаштирилган.

Шунингдек, ташқи савдо жараёнларини рақамлаштириш, "ягона дарча" тизимини такомиллаштириш ва чегарадаги расмийлаштириш тартибларини соддалаштириш чоралари кўрилади. Бу Ўзбекистоннинг халқаро савдодаги иштирокини кенгайтириш ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Экологик ислоҳотлар доирасида биноларнинг энергия самарадорлиги стандартлари янгиланади. Корхоналарга атроф-муҳит ифлосланиши ва энергия сарфини камайтирувчи технологияларга инвестиция киритиш учун рағбатлар берилади. 2028 йилгача энергия тежамкорлиги соҳасига 10 миллион доллар хусусий инвестиция жалб қилиш ва тақсимланган қайта тикланувчи энергия манбалари қувватини 3 000 мегаваттга етказиш белгиланган.

Жаҳон банкининг таъкидлашича, дастур мамлакатнинг барча ҳудудларида хотин-қизлар, фермерлар ва тадбиркорлар учун иқтисодий имкониятларни кенгайтиришга қаратилган.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳон банки Ўзбекистон иқтисодиёти 2026 йилда 7,9 фоизга ўсишини прогноз қилмоқда. Марказий Осиё эса 2026 йилда 5,8 фоизлик ўсиш кўрсаткичи билан Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги энг тез ривожланаётган ҳудуд бўлиб қолиши кутилмоқда.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...