Загрузка
Загрузка
"Бўзсув" тозалаш иншоотида оқова сувлар белгиланган меъёрдан бир неча ўн баробар ифлос экани аниқланди
Ҳодисалар

"Бўзсув" тозалаш иншоотида оқова сувлар белгиланган меъёрдан бир неча ўн баробар ифлос экани аниқланди

10
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент вилояти Зангиота туманидаги "Бўзсув" оқова сув тозалаш иншоотида экологик қонунбузилишлар аниқланди. Текширувда тозалаш самарадорлиги меъёрдаги 70 фоиз ўрнига 47,6–51,5 фоизни ташкил этгани, чиқинди ва зарарли моддалар билан боғлиқ ҳисоботлар юритилмагани маълум бўлди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.

2026 йил 11 ва 13 ноябрь кунлари иншоотдан олинган оқова сув намуналари лабораторияда таҳлил қилинган. Натижада текширилган 13 турдаги ифлослантирувчи модданинг 9 таси белгиланган меъёрдан бир неча ўн баробар юқори экани аниқланган.

Текширув давомида иншоотга тўқимачилик, қоғозни қайта ишлаш, қушхона ва бошқа ишлаб чиқариш корхоналаридан кимёвий бўёқлар ҳамда заҳарли моддалар аралашган оқова сувлар дастлабки тозалашдан ўтказилмасдан қабул қилингани маълум бўлган. Иншоот раҳбарияти эса бундай корхоналарни тармоқдан узиш ва экологик назорат органларини хабардор қилиш чораларини кўрмаган.

Шунингдек, 2024 йилдаги давлат экологик экспертизаси хулосасида белгиланган модернизация ишлари, қўшимча тозалаш мажмуасини қуриш ва автоматлаштирилган назорат тизимларини жорий этиш вазифалари бажарилмаган.

Экологик назорат тадбирларига ҳам тўсқинлик қилинган. Хусусан, 17 ноябрь куни иншоот ходимлари Экология полицияси ва ирригация мутахассисларига учинчи чиқариш нуқтасидан каналга ташланаётган оқова сув ҳажмини ўлчашга рухсат бермаган.

Корхона ҳисоботларида оқова сув ҳажми ҳам камайтириб кўрсатилган. 2023 йилга нисбатан йиллик ҳажм 131,3 миллион куб метрга, яъни 54 фоизга камайтирилган. Бундан ташқари, оқова сув таркибидаги 15 турдаги ифлослантирувчи модданинг 9 таси, жумладан, нефт маҳсулотлари, оғир металлар ва хром бўйича маълумотлар йиллар давомида ҳисоботларга киритилмаган.

Иншоотда йилига ҳосил бўладиган 23 541 тонна чиқинди, асосан хавфли чўкиндилар, белгиланган тартибда утилизация қилинмасдан очиқ ер майдонларига ташланган. Бу чиқиндилар бўйича ҳам ҳисоботлар тақдим этилмаган.

Аниқланган қонунбузилишлар натижасида атроф-муҳитга етказилган зарар қайта ҳисобланиб, қўшимча компенсация тўлови белгиланган. Иншоотга камчиликларни бартараф этиш учун 15 банддан иборат мажбурий кўрсатма берилган. Агар талаблар белгиланган муддатда бажарилмаса, унинг фаолиятини тўхтатиш юзасидан иқтисодий судга даъво киритилиши мумкин.

Текширув материаллари ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага юборилади. Тошкент шаҳар Экология бош бошқармаси масъул ходимларига нисбатан эса хизмат текшируви ўтказилиши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида ариқ ва унинг ёқасида чиқиндилар тўпланиб қолгани акс этган видео тарқалган эди.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...