Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШ Федерал алоқа комиссияси (FCC) SpaceX компаниясининг коинотда маълумотларни қайта ишлаш марказларини ташкил этишга мўлжалланган Starmind лойиҳасини шартлар асосида маъқуллади. Қарорга кўра, компания Ер орбитасига 1 миллионтагача сунъий йўлдош жойлаштириши мумкин.
FCC маълумотига кўра, лойиҳанинг асосий мақсади сунъий интеллектни ривожлантириш учун зарур бўлган катта ҳажмдаги ҳисоблаш қувватларига ўсиб бораётган талабни қондиришдир. Йўлдошлар орбитада маълумотларни қайта ишлайди, натижалар эса ерга узатилади.
Starmind тизимидаги сунъий йўлдошлар Ердан 500–1002 километр баландликдаги орбиталарга жойлаштирилиши режалаштирилган.
Улар ўзаро асосан оптик алоқа орқали боғланади, радиоалоқа эса фавқулодда вазиятларда захира воситаси сифатида ишлатилади.
Комиссия қарорда лойиҳани амалга ошириш учун аниқ муддатларни ҳам белгилаган.
SpaceX биринчи сунъий йўлдошни 2033 йил 25 ноябргача орбитага чиқариши, 2035 йилгача режалаштирилган миқдорнинг 10 фоизини, 2038 йилгача эса ярмини жойлаштириши лозим.
Тўлиқ тизимни ишга тушириш муддати 2040 йил ноябригача белгиланган.
Лойиҳага қарши Amazon нинг сунъий йўлдошлар бўлинмаси, Viasat компанияси ва Америка астрономия жамияти эътироз билдирган.
Улар орбитадаги сунъий йўлдошлар сони кескин кўпайиши, радиоалоқага халақитлар ва астрономик кузатувларга эҳтимолий таъсир юзасидан хавотир билдирган.
Олдинроқ SpaceX компаниясининг Starship ракетасининг биринчи босқичи денгизга тушиш вақтида портлаганди.

Изоҳлар мавжуд емас