Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда аҳолининг ўртача ёши 29,6 ёшни ташкил этди. Ҳудудлар орасида энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида — 33,6 ёш, энг паст кўрсаткич эса Сурхондарё вилоятида — 27,4 ёш қайд этилди. Уларнинг ўртасидаги фарқ 6,2 йилга етган. Бу ҳақда аҳолини рўйхатга олиш натижалари асосида қайта ҳисобланган Миллий статистика қўмитаси маълумотларида келтирилган.
2026 йил 1 январь ҳолатига кўра, мамлакат аҳолисининг ўртача ёши 29,6 ёш бўлган. Аҳолини рўйхатга олиш натижалари ҳисобга олингунга қадар бу кўрсаткич 29,5 ёш деб баҳоланган.
Аёлларнинг ўртача ёши эркакларникидан юқори. Аёлларда бу кўрсаткич 30,2 ёш, эркакларда эса 29,1 ёшни ташкил этган. Яъни аёллар эркаклардан ўртача 1,1 ёш катта.
Ўртача ёши энг юқори ҳудудлар қаторида Тошкент шаҳри биринчи ўринда турибди. Навоий вилоятида аҳолининг ўртача ёши 31 ёш, Қорақалпоғистон Республикасида 30,9 ёш, Бухоро вилоятида 30,8 ёш ва Тошкент вилоятида 30,1 ёш бўлган.
Фарғона ва Хоразм вилоятларида аҳолининг ўртача ёши 30 ёшдан, Сирдарё вилоятида 29,6 ёшдан, Андижон вилоятида эса 29,3 ёшдан иборат.
Аҳолиси энг ёш ҳудудлар Сурхондарё, Қашқадарё ва Жиззах вилоятлари бўлди. Сурхондарёда ўртача ёш 27,4, Қашқадарёда 27,8, Жиззахда 27,9 ёшни ташкил этган. Самарқанд вилоятида бу кўрсаткич 28,4 ёш, Наманган вилоятида 28,8 ёш бўлган.
Умуман, Ўзбекистон аҳолиси секин-аста қариб бормоқда. 2010 йилда мамлакат аҳолисининг ўртача ёши 27 йил бўлган. Сўнгги 16 йилда бу кўрсаткич 2,6 йилга ошган.
Аввалроқ агентлик 2025 йил якунлари бўйича Ўзбекистонда биринчи марта никоҳдан ўтаётган эркакларнинг ўртача ёши 25,6 ёшни, аёлларники эса 21,4 ёшни ташкил этгани ҳақида маълум
қилганди. Бу кўрсаткич сўнгги йилларда йигитлар ва қизларнинг нисбатан эртароқ оила қура бошлаганини кўрсатмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас