Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан ўтказилган тезкор суриштирувлар натижасида фуқароларни Жанубий Кореяга ишга юбориш баҳонасида маблағларни талон-торож қилиб келган йирик уюшган жиноий гуруҳ қўлга олинди. Мазкур жиноий схемада Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда бир нечта хусусий бандлик агентликларининг собиқ мансабдор шахслари иштирок этгани аниқланган.
Тергов материалларига кўра, жиноий гуруҳ Кореяга меҳнат муҳожири сифатида бормоқчи бўлган фуқаролардан расмий тўловлардан ташқари, фирибгарлик йўли билан 7 минг доллардан 12 минг долларгача қўшимча пул талаб қилиб келган. Шу йўл билан улар жами қарийб 90 миллион доллар миқдоридаги маблағни ноқонуний равишда йиғиб олишган.
Айни пайтда Кореяга юборилмаган 600 дан зиёд фуқародан шикоят аризалари келиб тушган бўлиб, уларга етказилган зарар миқдорини аниқлаш ва ундириш чоралари кўрилмоқда. Олиб борилган суриштирувлар давомида гуруҳ аъзолари 230 нафар фуқарони ишга юбориш ваъдаси билан 580 минг доллар, аллақачон Кореяга кетган 1 000 нафар фуқародан эса ноқонуний равишда 5,6 миллион доллар ундиргани, умумий жиноий айланма эса 45 миллион доллардан ортиқни ташкил этгани маълум бўлган.
Мазкур мудҳиш ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, кенг қамровли тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бош прокуратура Департаменти ушбу жиноий гуруҳ фаолиятидан жабр кўрган фуқаролар ва тадбиркорларни 71-233-10-07 рақамли ишонч телефони орқали хабар беришга чақирган ва мурожаатчиларнинг шахси сир сақланишини тўлиқ кафолатлаган.
Илгарироқ ҳам Сирдарё вилоятида муқаддам фирибгарлик учун судланган ва хавфли рецидивист деб топилган аёл TikTok ижтимоий тармоғи орқали тўрт нафар фуқарони Жанубий Кореяга ишга юбориш ҳақидаги ёлғон ваъдалар билан алдаб, жами 60 минг доллар ва 60 миллион сўм миқдоридаги маблағни ўзлаштиргани хақида хабар берган эдик.

Изоҳлар мавжуд емас