Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Мамлакатимиз тарихидаги илк бор ўзбек фазогирини коинотга учириш бўйича тайёргарлик жараёнлари бошланди. Ушбу стратегик лойиҳа доирасида бўлажак космонавтликка номзодлар учун бир нечта қатъий тиббий, жисмоний ва профессионал талаблар белгиланган.
Февраль ойида президент Шавкат Мирзиёев сунъий йўлдошни учириш ва илк ўзбек космонавтини тайёрлаш бўйича дастлабки босқичдаги ишлар тақдимоти билан танишганди. У мутасаддиларга барча лойиҳалар юзасидан аниқ ҳисоб-китоблар ва пухта амалий таклифлар ишлаб чиқишни топширган эди.
Эндиликда маълум қилинишича, космик парвоз юқори жисмоний ва интеллектуал юкламани талаб қилгани боис, номзодлар баъзи стандартларга мос келиши шарт. Номзодларнинг ёши 27 дан 40 ёшгача бўлиши белгиланган. Олий маълумотга эга бўлиш устувор талаб ҳисобланади.
Инсон танасининг ўлчамлари космик кема капсуласи ва скафандрга мос келиши учун бўйи 160 сантиметрдан 190 сантиметргача, вазни эса 50 килограммдан 95 килограммгача бўлиши қатъий назорат қилинади. Халқаро экипаж билан мулоқот қилиш ва техник ҳужжатлар билан ишлаш учун хорижий тилларни мукаммал эгаллаш талаб этилади.

Миллий фазогирнинг миссияси шунчаки парвоз қилишдан иборат бўлмай, орбитада Ўзбекистон илм-фани учун муҳим бўлган аниқ илмий тадқиқотларни амалга ошириш билан боғлиқ. Жумладан, вазнсизлик шароитида масофавий ташхис қўйишнинг янги усуллари синовдан ўтказилади. Шунингдек, юртимизда ўсадиган маҳаллий доривор ўсимликлар экстрактларининг фазовий муҳитда инсон организмига кўрсатадиган таъсири атрофлича ўрганилади.
Глобал иқлим ўзгариши шароитида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш мақсадида, қурғоқчилик ва шўрланишга чидамли бўлган ўсимлик навлари коинотда синалади. Бундан ташқари, келажакдаги узоқ муддатли космик парвозлар учун асос бўладиган ёпиқ агробиотизимлар моделларини яратиш устида иш олиб борилади.
Юқори технологиялар ва космик қурилмалар учун мўлжалланган, иссиқликни самарали бошқариш хусусиятига эга янги материаллар, махсус мато ва толалар коинотнинг очиқ муҳитида турли синовлардан ўтказилади.
Бугунги кунда ушбу илмий дастурларни муваффақиятли ижро этиш мақсадида етакчи халқаро космик агентликлар билан ҳамкорлик форматлари изчил кўриб чиқилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас