Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. ЯА Дастлабки маълумотларга қараганда, «Ўзиккиламчирангиметалл» ўтган йилга нисбатан 2019 йилда рангли металл парчаларини йиғишни 1,6 минг тоннага оширган. Жами олганда, 19,5 минг тоннадан ортиқ металл парчалари йиғиб олинган. Корхона матбуот-хизмати берган маълумотга кўра, 9 фоизга ўсиш машаққатли меҳнат эвазига эришилган бўлиб, бунинг асосий қисми харидларни қайта ташкил тизими жорий этилганлиги туфайли юз берган.
Рангли металл парчаларини тайёрлаш бошқармаси бошлиғи Алишер Ҳафизовнинг айтишича, сўнгги бир йилда тузилмада жиддий ўзгаришлар амалга оширилган бўлиб, нарх-наво, йиғиш пунктларининг ташқи кўриниши, ташиш ва ишчиларнинг касбий даражасидаги ўзгаришлар шулар жумласиндандир.
"Биз қабул шаҳобчаларини таъмирладик. Бундан ташқари, йил давомида ходимларимиз металлга тўғри тасниф бериш, уни қабул қилиш ва ташиш хусусиятларини билиш ва энг муҳими, одамлар билан тўғри муносабат қилиш учун махсус ўқувдан ўтишди. Шунингдек, қабул шаҳобчалари парки қўшимча жиҳозланиб, замонавий ускуналар ва махсус транспорт воситалари олинганлиги натижасида ишнинг осонлашишига эришилди”, - деди у.
Рангли металл парчалари нархи ҳақида гапирадиган бўлсак, бу борада ҳам муҳим воқеа юз берди - компания бозор шароитларидан келиб чиққан ҳолда нархларни таклиф қила бошлади.
Ахборот-таҳлил бошқармаси бошлиғи Абдулатиф Ҳакимовнинг айтишича: "Компаниямиз томонидан йиғиб тайёрланадиган рангли металлнинг асосий турларини алюминий, мис, жез, зангламайдиган пўлат ва қўрғошин парчалари ташкил этади. Мисол учун, йил бошида қўрғошин парчаларининг 1 неттоси 4,5 минг сўмни ташкил қилган бўлса, декабрь ойида 5,9 минг сўмга тенглашди. Бундан аёнки, йил давомида нарх-наво 25 фоизга ошган. Бошқа турдаги металл нархлари ҳам ўзгарди. Бу рақамлар ўз ўрнида металл парчаларини топширадиган кишиларни албатта рағбатлантиради".
Унинг сўзларига кўра, жорий йилда компания томонидан Миллий телерадиокомпания билан биргаликда республика телеканаллари орқали олиб борилган фаол маркетинг тадбирлари ҳам металл парчаларини тўплаш жараёнига аҳолини жалб қилиш борасида катта роль ўйнади. Келгуси йилда мобил алоқа компаниялари билан ҳамкорликда СМС хабар орқали аҳолини хабардор қилиш бўйича қўшма лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.
"Қабул шаҳобчалари ҳақида қанча кўп одамлар билса, бизнинг ишимиз шунчалик кўпроқ самара беради", - деб таъкидлади Абдулатиф Ҳакимов.
2020 йилда «Ўзиккиламчирангиметалл» металл парчаларини йиғиш ҳажмини ошириш, йирик ташкилотлар ва кишилар билан янада яқинроқ ишлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Корхона вакиллари таъкидлашганидек, республика аҳолиси ишдан чиққан "агрегатлар"ни ахлат қутисига эмас, балки йиғиш пунктларига олиб бориш анъанасига ўрганиши лозим. «Ўзиккиламчирангиметалл» ўз ўрнида ушбу жараёнга ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр. Зеро, атроф-муҳитнинг тозалиги кўп жиҳатдан бунга боғлиқдир. Қолаверса, рангли парчаларни топшириш бўйича аҳолида тўғри маданиятнинг шакллантирилишига эришилади.
Изоҳлар мавжуд емас