"Ўзсувтаъминот" совуқ сув ҳисоблагичларини  қиёслаш  нима учун  кечикаётганлигини тушунтириб  берди
Жамият

"Ўзсувтаъминот" совуқ сув ҳисоблагичларини қиёслаш нима учун кечикаётганлигини тушунтириб берди

896

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Кейинги пайтларда ичимлик сувини ҳисобга олиш ускунасини (ҳисоблагични) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш хизматлари бўйича сусткашликлар кузатилаётгани ҳақида истеъмолчилардан кўп сонли мурожаатлар келиб тушмоқда. Шу муносабат билан “Ўзсувтаъминот” юзага келган вазият, унинг сабаблари ҳақида тушунтириш берган. Бу ҳақида мухбиримиз хабар қилмоқда.

2019-йил 20-августда Вазирлар Маҳкамасининг “Юридик ва жисмоний шахсларнинг электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини (ҳисоблагичларни) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.

Мазкур қарор кучга киргандан буён ичимлик суви ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказиш учун жами 76 мингдан зиёд мурожаат давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилинган бўлса, бугунгача улардан 32 мингдан зиёди ёки 42 фоизи қаноатлантирилган. Ваҳоланки, ушбу кўрсаткичга ҳам “Ўзсувтаъминот” АЖнинг ҳудудий сув таъминоти корхоналарининг бор имкониятларини ишга солиш ҳисобига эришилмоқда.

Бугунги кунда сув таъминоти корхоналарининг республика бўйича жами филиаллар сони 199 тани ташкил этади. Агар Тошкент шаҳри мисолида олинса, бевосита сувни ҳисобга олиш ускунасини ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатишга тегишли ваколати (сертификати) бор ходимлар сони 20 тани ёки ҳисоблагич ўрнатилган ҳар 31962 та абонентга 1 тани ташкил этади. Бошқа ҳудудларда ҳам айни йўналишда фаолият олиб бораётган ходимлар сони етарли эмас.

Мутахассислар “Ўзстандарт” агентлигининг республикамиз бўйлаб 17 та бўлими ва чекка худудлардаги 43 та метрологик хизмат кўрсатиш марказлари билан ишлайди. Компаниянинг таъкидлашича, кўриниб турибдики, ҳозирда ходимлар танқислиги, лабораториялар етишмаслиги, баъзи ҳудудларда уларнинг таъминотчи корхонадан узоқ масофада жойлашгани хизматларни кўрсатишда кузатилаётган кечикишларга олиб келмоқда.

“Бу борада табиий савол туғилади: ходимлар сонини кўпайтиришга нима халақит беради? Жавоб топишга ҳаракат қиламиз. Амалдаги тартибга мувофиқ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускунасини ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш учун жисмоний шахслардан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи (44600 сўм), юридик шахслардан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари (334500 сўм) миқдорида йиғим ундирилади ва мазкур хизматга алоқадор ташкилотлар кесимида тақсимланади”, - дея маълум қилмоқда “Ўзсувтаъминот”.

Жумладан, таъминотчи корхона мисолида олинса, ҳар бир ускуна учун йиғимдан жисмоний шахслар бўйича 8920 сўм, юридик шахслар бўйича 66900 сўм ҳудудий сув таъминоти корхоналарига келиб тушмоқда. Амалда эса ушбу хизматлар харажатлари 3-4 баравар қимматга айланмоқда. Хусусан, ускунани ечиш, ўрнатиш ишлари, йўл ва бошқа харажатлар миқдори жисмоний шахслар учун 43551 сўм, юридик шахслар учун эса ҳисоблагичларнинг ўлчамига қараб 90747 сўмдан 240246 сўмгача ташкил қилмоқда.

“Бу вазиятда таъминотчи корхоналар иқтисодий зарарга кириб, харажатларни қоплаш мақсадида меҳнат ресурсларини қисқартиришга мажбур бўлмоқда. Аммо бу сув ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказишда юзага келаётган кечикишлар бартараф этилмайди, дегани эмас. Бугунги кунда сув ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказишда давлат хизматларини кўрсатиш тартибларини такомиллаштириш бўйича “Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан тегишли ҳисоб-китоблар ва таклифлар тайёрланмоқда. Шунингдек, ҳудудий сув таъминоти корхоналари тасарруфида метрологик хизмат кўрсатиш лабораторияларини ташкил этиш орқали хизмат кўрсатиш муддатларини қисқартириш масаласи ҳам ўрганилмоқда”, - дея якун қилмоқда компания.

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...