Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2026 йил январь–сентябрь ойларида Ўзбекистонда фишинг сайтларига киришга бўлган қарийб 2,1 миллионта уринишнинг олди олинди. Бу ҳақда Тошкентда бўлиб ўтган Kaspersky CyberSecurity Weekend 2026 конференциясидан Batafsil.uz мухбири маълум қилинди.
"Лаборатория Касперского" маълумотларига кўра, 2026 йилнинг учинчи чорагида қайд этилган бундай уринишлар сони 2025 йилнинг биринчи чорагидаги кўрсаткичдан уч баравардан кўпроқ бўлган. Бунда гап ҳимоя дастурлари томонидан хавфли сайтларни очишга бўлган уринишлар тўхтатилган ҳолатлар ҳақида кетмоқда. Бу рақамлар шунча одам фирибгарлар қурбони бўлганини англатмайди.
Фишинг — фойдаланувчиларнинг пароллари, банк карталари маълумотлари ва бошқа шахсий ахборотларини қўлга киритиш мақсадида ҳақиқий сайтларга ўхшатиб яратилган сохта саҳифалар орқали амалга ошириладиган интернет фирибгарлиги ҳисобланади.
Киберхавфсизлик бўйича мутахассислар Ўзбекистонда кенг тарқалаётган фирибгарлик усулларидан бири сифатида иш берувчи ёки фойдаланувчи доимий фойдаланадиган онлайн хизмат номидан юбориладиган электрон хатларни келтирди.
Хусусан, маҳаллий компанияларда ўтказилган синов тариқасидаги фишинг тарқатмалари давомида ходимларнинг 13 фоизи паролнинг амал қилиш муддати тугаётгани ҳақидаги хатлардаги ҳаволаларни босган. Яна 7 фоиз ходим ChatGPT иш аккаунти тасдиқлангани ҳақидаги хабарга, 6 фоизи эса тиббий суғуртадан нотўғри фойдаланилгани тўғрисидаги сохта огоҳлантиришга ишонган.
Таъкидланишича, ушбу хатлар ҳақиқий фирибгарлик ҳолатлари эмас, балки компания ходимларининг киберхавфсизлик бўйича ҳушёрлигини текшириш учун махсус ташкил этилган ўқув синовлари бўлган. Шу сабабли келтирилган кўрсаткичлар ходимларнинг аккаунтлари бузилганини англатмайди.
Конференцияда киберхавфсизлик бўйича эксперт Константин Исаков яна бир фирибгарлик усули ҳақида гапирди. Унга кўра, жиноятчилар фуқароларга компенсация тўловлари берилиши ҳақида хабарлар юборган. Бунда электрон хатлар ишончли кўриниши учун Google’нинг ҳақиқий онлайн хизматидан фойдаланилган. Аммо хабардаги ҳаволалар орқали кириш фойдаланувчиларни сохта веб-саҳифаларга олиб бориши мумкин бўлган.
Мутахассислар фирибгарлар сунъий интеллект имкониятларидан ҳам фойдаланаётганини қайд этди. Бу технология ёрдамида имловий хатоларсиз, ишонарли ва расмий услубдаги сохта хабарларни тайёрлаш осонлашган. Шунинг учун электрон хатнинг саводли ва расмий кўриниши унинг хавфсиз эканини англатмайди.
"Лаборатория Касперского" компаниясининг Қозоғистон, Марказий Осиё ва Мўғулистон бўйича бошқарув директори Валерий Зубанов компаниялар фақат ҳимоя дастурларини харид қилиш билан чекланмасдан, ходимларга киберхавфсизлик қоидаларини ҳам тушунтириши кераклигини таъкидлади.
Мутахассислар оддий фойдаланувчиларга ҳам шубҳали хабарлардаги ҳаволаларни очмаслик, сайт манзилини текшириш, номаълум ҳаволалар орқали пароллар ва банк картаси маълумотларини киритмаслик, шунингдек, SMS орқали келган тасдиқлаш кодларини бошқаларга бермасликни тавсия қилмоқда.
Маълумот учун, 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида Ўзбекистонда интернет фирибгарлиги билан боғлиқ ҳолатлар оқибатида фуқароларга жами 278,3 миллиард сўм моддий зарар етказилганди. Тезкор чоралар натижасида ушбу маблағнинг 113,1 миллиард сўми блокланган эди.

Изоҳлар мавжуд емас