Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси акс этган видео тарқалди. Ҳодиса оқибатида 18 ёшли ҳайдовчи ва унинг икки нафар йўловчиси вафот этган.
Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати маълум қилишича, ЙТҲ 2026 йил 16 ноябрь куни соат 04:50 ларда Бунёдкор шоҳ кўчасида, Uztelecom биноси қаршисида содир бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, 18 ёшли фуқаро бошқарувидаги Nexia-3 автомобилининг ҳайдовчиси рул бошқарувини йўқотиб, йўл четидаги дарахтга бориб урилган.
Ҳодисага автомобиль рул бошқарувида юзага келган техник носозлик сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда. ЙТҲ оқибатида ҳайдовчи ва унинг икки нафар йўловчиси шифохонада вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси тегишли қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ҳайдовчиларни ҳаракат вақтида йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирган.
Олдинроқ маст ҳайдовчи пиёдаларни уриб юбориши оқибатида икки киши ҳалок бўлганди.

Изоҳлар мавжуд емас