Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда 2027 йилдан фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш вазифаси хусусий сектордаги энг ишончли бандлик агентликларига тўлиқ ўтказилади. Юқори даромадли ишга жойлаштирилган ҳар бир фуқаро учун агентликларга 1,5 миллион сўмдан рағбат пули берилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев меҳнат миграцияси соҳасидаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилишда маълум қилди.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, хусусий бандлик агентликларига лицензия бериш тартиби соддалаштирилганидан сўнг икки йил ичида уларнинг сони уч баробарга, ушбу агентликлар орқали хорижда ишга жойлашган фуқаролар сони эса беш баробарга кўпайган.
Шу билан бирга, соҳада хатолар, коррупция ва фуқароларни алдаш ҳолатлари ҳам кузатилган. Муаммоларни бартараф этиш мақсадида алоҳида қонун қабул қилиниб, ҳуқуқий асос яратилган.
Йиғилишда хусусий бандлик агентликлари фаолиятини рағбатлантириш билан бирга, уларнинг масъулияти ва шаффофлигини ошириш чоралари ҳам белгиланган. Жумладан, агентликлар фаолияти бўйича рейтинг юритилади. Уларни баҳолашда фуқаронинг ишга аниқ жойлаштирилиши, ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши, юқори даромад олиши ва кафолатли ижтимоий таъминотга эга бўлиши асосий мезонлар этиб белгиланади.
Шунингдек, ёшларни касб ва хорижий тилларга ўқитиш учун техникум биноларининг бир қисми хусусий секторга бепул ижарага берилади. Чет элдан жалб қилинадиган ўқитувчи ва экспертлар учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланади, ўқув жараёни учун зарур ускуна ва жиҳозлар эса божхона божидан озод қилинади.
Президент бир ой муддатда агентликлар фаолиятини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган қарор лойиҳасини киритишни топширган. Шунингдек, хусусий бандлик агентликлари фаолиятини ижтимоий хизмат сифатида кўриб чиқиш ва уларни солиққа тортиш тартибини шунга мувофиқ соддалаштириш вазифаси қўйилган.
Олдинроқ Ўзбекистонда хорижда ишлаётган бир нафар фуқарога тўғри келадиган ўртача ойлик пул ўтказмаси Фарғона вилоятида 1 850 долларни ташкил этаётгани, аммо бу ҳудудлар кесимида кескин фарқ қилишини маълум қилган эдик.

Изоҳлар мавжуд емас