Загрузка
Загрузка
Ўзбекистонда аҳоли янгиликларни асосан Telegram орқали олади, телевидение эса энг ишончли манба деб топилди
Жамият

Ўзбекистонда аҳоли янгиликларни асосан Telegram орқали олади, телевидение эса энг ишончли манба деб топилди

39
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда аҳолининг 51,6 фоизи янгиликларни Telegram каналларидан олади, 44,6 фоизи телевидение, 41,6 фоизи эса ижтимоий тармоқлардан фойдаланади. Бироқ ишонч даражаси бўйича телевидение биринчи ўринда: сўровномада қатнашганларнинг 44,3 фоизи унга ишонишини билдирган. Бу маълумотлар мамлакатда медиа истеъмоли бўйича ўтказилган миллий тадқиқотнинг дастлабки натижаларида келтирилган. 

Тадқиқот натижалари 2 ноябрь куни Тошкентда тақдим этилди. Бу ҳақида Batafsil.uz мухбири воқеа жойидан хабар берди. Лойиҳа Миллий оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси, Президент Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент ишлаб чиқариш маркази ҳамда "Ижтимоий фикр" республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ҳамкорлигида амалга оширилган. 

Сўровнома 2026 йил 8–19 сентябрь кунлари ўтказилган. Унда мамлакатнинг 14 та ҳудудида яшовчи 18 ёшдан катта 1 411 нафар фуқаро иштирок этган. Қатнашчиларнинг 53,9 фоизи шаҳарларда, 46,1 фоизи қишлоқ жойларда истиқомат қилади. Тадқиқот юзма-юз суҳбатлар орқали ўтказилган. 

Натижаларга кўра, респондентларнинг 50,4 фоизи мамлакатдаги воқеаларни мунтазам кузатиб боради, 30,4 фоизи эса янгиликларга баъзан қизиқиш билдиради. 

Ёшлар Telegram ва ижтимоий тармоқларга, катта ёшдагилар телевидениега кўпроқ ишонади 

18–24 ёшлилар орасида асосий ахборот манбаи Telegram каналлари бўлиб, уларнинг 66,2 фоизи янгиликларни шу платформа орқали олади. Бу ёш тоифасида ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш кўрсаткичи 54,4 фоизни ташкил этади. 

55 ёшдан ошган респондентлар эса кўпроқ телевидениега мурожаат қилади. Уларнинг 77,4 фоизи ахборотни телевизион каналлар орқали олишини билдирган. 

Умуман, сўровда қатнашганларнинг 67,5 фоизи телевизион контентни томоша қилади. Телевидениега ишонч билдирганлар улуши 44,3 фоиз бўлган. Таққослаш учун, Telegram каналларига 11,3 фоиз, янгиликлар сайтларига эса 7,4 фоиз респондент ишонишини айтган. 

Телевизион каналлар орасида "Ўзбекистон 24" энг ишончли деб топилган. Респондентларнинг 41,7 фоизи ушбу канални асосий телеканали сифатида танлаган, 52,8 фоизи эса уни энг ишончли ахборот манбаи деб баҳолаган. Умумий телеканаллар рейтингида "Миллий ТВ", "Ўзбекистон 24", "Зўр ТВ" ва "Севимли ТВ" етакчи ўринларни эгаллаган. 

Telegram ва Instagram — асосий рақамли платформалар 

Тадқиқотга кўра, сўров иштирокчиларининг 64,8 фоизи ижтимоий тармоқлардан фойдаланади. Telegram мессенжеридан фойдаланувчилар улуши эса 86,1 фоизга етган. Унда фойдаланувчилар кўпроқ республика янгиликларини ўқийди — бу кўрсаткич 55,2 фоизни ташкил этган. Шунингдек, халқаро воқеалар ҳам кузатиб борилади. 

Ижтимоий тармоқлар орасида Instagram етакчилик қилади. Ундан ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг 92,7 фоизи фойдаланади. Рақамли платформаларга мурожаат қилишнинг асосий сабаблари сифатида ахборотнинг тез етказилиши (48,6 фоиз) ва контентдан исталган вақтда фойдаланиш имконияти (31 фоиз) кўрсатилган. 

Радио эса аҳолининг ахборот истеъмолида нисбатан кам ўрин эгаллайди. Респондентларнинг 21,9 фоизи радио эшитишини билдирган, 78,1 фоизи эса ундан фойдаланмаслигини айтган. 

Аҳоли таҳлилий материаллар ва журналистик суриштирувларни кутмоқда 

Тадқиқотда қатнашганларнинг 49,7 фоизи сўз эркинлиги даражасини юқори деб баҳолаган. Шу билан бирга, жамиятда сифатли ва таҳлилий ахборотга талаб мавжудлиги қайд этилган. 

Респондентларнинг 41,3 фоизи нархлар, бандлик ва ижтимоий ёрдам ҳақидаги маълумотлар етарли эмаслигини билдирган. 40,6 фоизи эса аҳолининг кундалик муаммолари ҳақида кўпроқ ахборот олишни исташини айтган. 

Оммавий ахборот воситаларидан фойдаланувчиларнинг 27,6 фоизи чуқурроқ таҳлилий ёндашувни, 22,5 фоизи эса воқеаларни турли нуқтаи назарлар асосида холис ёритишни кутмоқда. Шунингдек, журналистик суриштирувларга эҳтиёж борлиги қайд этилган. Телевидениега нисбатан асосий эътирозлардан бири сифатида мавзуларнинг бир хиллиги ва кўрсатувларнинг тез-тез такрорланиши келтирилган.

Респондентлар замонавий медиа соҳасидаги энг долзарб муаммо сифатида сохта хабарлар тарқалишини кўрсатган. Қатнашчиларнинг 46,6 фоизи фейк хабарларни асосий таҳдид деб ҳисоблайди. Уларнинг айтишича, нотўғри маълумотларга кўпроқ YouTube, Telegram ва ижтимоий тармоқларда дуч келишади. Сўровда қатнашганларнинг 77,4 фоизи ишончсиз ахборот тарқатган оммавий ахборот воситалари учун жавобгарликни кучайтириш тарафдори бўлган. 

Лойиҳанинг иккинчи босқичида Ўзбекистоннинг олти ҳудудида журналистлар, матбуот хизматлари ходимлари ва блогерлар учун ўқув машғулотлари ташкил этилиши режалаштирилган. 

Ташкилотчилар таъкидлашича, мазкур тадқиқот изланиш хусусиятига эга бўлиб, мамлакатдаги медиа истеъмоли манзарасини дастлабки бор комплекс кўринишда акс эттиради. Унинг тўлиқ ҳисоботи Миллий оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг расмий сайтида эълон қилинган.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...