Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШнинг Нью-Йорк штатидаги Нассау округида тиббий суғурта тизими орқали тахминан 8 миллион долларлик фирибгарлик содир этилгани юзасидан тергов олиб борилмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар икки дорихона эгасини гумонланувчи сифатида аниқлаган. Улардан бири Ўзбекистондан чиққан Баходир Миродимов экани айтилмоқда. Ҳар икки шахс АҚШни тарк этган.
Хабарларга кўра, гап Нью-Йоркнинг Флорал-Парк ва Фрипорт ҳудудларида жойлашган Jericho Express RX ва RNJ Pharmacy дорихоналари ҳақида кетмоқда. Терговчилар ушбу манзиллардаги дорихоналар амалда тўлиқ фаолият юритмаган бўлса-да, улар номидан қиммат дори воситалари учун тиббий суғурта компаниялари, Medicare ва Medicaid тизимларига сохта ҳисоб-фактуралар юборилганини даъво қилмоқда.
Нассау округи полицияси маълумотига кўра, гумонланувчилар шифокорлар ва беморларнинг шахсий маълумотларидан рухсатсиз фойдаланиб, сохта рецептлар расмийлаштирган. Ушбу рецептлар орқали ОИТС ва саратон каби касалликларни даволашда қўлланиладиган қиммат дори воситалари учун тўлов талаб қилинган. Бироқ беморлар ушбу дориларни олмаган.
Полиция Jericho Express RX дорихонаси эгаси сифатида Баходир Миродимовни, RNJ Pharmacy эгаси сифатида эса Абдилаким Бердикуловни кўрсатган. ABC7 маълумотига кўра, Миродимов Ўзбекистондан, Бердикулов эса Курдистондан чиққан. Ҳар иккиси Нью-Йорк штати ҳайдовчилик гувоҳномаларидан фойдаланиб, дорихоналар номидан юридик шахсларни рўйхатдан ўтказгани айтилмоқда.
Терговчиларнинг ҳисоб-китобига кўра, схема доирасида тахминан 8 миллион долларлик дори воситалари учун ҳисоб-фактуралар тақдим этилган. Уларнинг қарийб 5 миллион доллари тўлаб берилган. ABC7 хабарида Миродимов 31 кун ичида 3 миллион доллар, Бердикулов эса 5 миллион доллар олгани ҳақида полиция маълумоти келтирилган.
Нассау округи полицияси икки шахснинг ўзаро боғлиқлиги ва схемада бошқа иштирокчилар бор-йўқлигини аниқлаётганини билдирган. Ҳозирча гумонланувчилар АҚШдан чиқиб кетган. Уларнинг ўзига нисбатан айблов эълон қилинмаган, бироқ дорихоналарни ташкил этган юридик шахсларга тиббий суғурта соҳасидаги фирибгарлик, йирик миқдордаги ўғирлик ва шахсий маълумотлардан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ жиноий айбловлар қўйилган.
Мазкур иш бўйича тергов давом этмоқда. АҚШ расмийлари ҳудудда шунга ўхшаш бошқа сохта дорихоналар ҳам бўлиши мумкинлигини истисно қилмаган.

Изоҳлар мавжуд емас